Россия: ўз чақалоғини катта йўлга ташлаб кетган аёл жазога тортилди

ота ва бола Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Елена ўз фарзандини боқишга қийналганини айтади

Россияда маҳкама ўзининг 9 ойлик чақалоғини "машина босиб кетар" деган ниятда шоҳ йўлга ташлаб кетган аёлни 8 йилга озодликдан маҳрум этди.

24 яшар Елена Осина Москва маҳкамасига боласини боқишдан чарчаганини айтган, дея хабар беради Москвадаги Би-би-си мухбири Рейчел Врайт.

Терговчилар чақалоқнинг Москва ташқарисидаги шоҳ йўлдан топилганини айтганлар.

Уларга кўра, болакай орадан ўн дақиқалар ўтиб мотоциклчи эътиборига тушади.

Чақалоқни қутқариб олган мотоциклчи уни аввалига мушук деб ўйлаганини айтган.

Елена Осина ва унинг укаси ҳодисани йўл четида кузатиб турганлар.

Терговчилар чақалоқнинг соғ-саломат қутқариб олинишини мўъжизага тенглаштирганлар.

Маҳкама сўнгида Елена Осина одам ўлдиришга уриниш айбига иқрор бўлган.

У чақалоқни боқишга қийналгани, аммо қилмишидан энди пушаймон эканини айтган.

Чақалоқ эса асраб олинди, дея хабар беради Рейчел Врайт.

Бу мавзуда батафсилроқ