Британия армияси Олимпиада Ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Британия ҳукумати Олимпиада Ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш учун 553 млн фунт стерлинг (860 млн доллар) ажратган.

Британия Қуролли кучлари Олимпия Ўйинлари чоғида хавфсизликни таъминлаш учун, агар улардан талаб қилинса, уч ярим минг ҳарбий билан таъминлаш учун шай турибди.

2012 йил Олимпиада Ўйинларининг бошланишига икки ҳафтадан сал кўпроқ вақт қолди.

Би-би-си маълум бўлишича, Ўйинлар хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган G4S хусусий ширкати етарли миқдорда қўриқчиларни етказиб беришга улгура олмаётир.

Қуролли кучлар аллақачон Олимпиада учун 13500 нафар ҳарбий ажратган, бироқ афтидан энди ҳарбийлар сонини 17 мингга етказиш керак бўлади.

Бу кўплаб ҳарбийларнинг ёзги таътиллари бекор қилинишини англатади.

G4S ширкати баёнот тарқатиб, "ходимларни ёллашда маълум қийинчиликларга дуч келгани" ҳақида маълум қилган.

Ширкат Британия ҳукумати билан 300 млн фунт стерлингга (деярли ярим миллиард доллар) тенг ҳамкорлик битими имзолаган ва ўз зиммасига Олимпиада Ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш вазифасини олган.

Бироқ, Би-би-сига маълум бўлишича, G4S 10 минг қўриқчини ишга ёллашга ва уларни тайёргарликдан ўтказишга улгура олмаган.

Хавфсизлик учун ярим миллиард фунт

G4S ширкати ходимининг айтишича, ширкат Британия ҳукумати томонидан яна қўшимча кучлар ажратилишидан хабар топган.

Британия ҳукумати вакиллари таъкидлашларича, бу ҳолат Олимпиада хавфсизлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Ички ишлар вазирлиги вакили изоҳ беришича, қўшимча кучлар ажратиш қарори тафсилоти пайшанба куни эълон қилинади.

Британия ҳукумати Олимпиада Ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш учун 553 млн фунт стерлинг (860 млн доллар) ажратган.

Ўз навбатида Лондон ҳокимияти ҳам Олимпиада Ўйинлари хавфсизлигига жуда жиддий эътибор қаратилаётганини маълум қилган.

Ҳукуматдаги манбалар маълумотига кўра, Олимпиада хавфсизлигини, ҳаммаси бўлиб, 23700 нафар инсон таъминлайди.

G4S умумий хавфсизлик тизимини назорат этади ва қуролсиз қўшинлар билан ҳамкорлик қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ