Пан Ги Мун ва Ҳиллари Клинтон Суриядаги қирғинни қоралаб чиқдилар

Яраланган суриялик Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Суриялик фаолларга кўра, Тремсеҳ қишлоғида 200дан кўпроқ одам ўлдирилган

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон жума куни Сурияда юз берган навбатдаги зўравонликни кескин қоралаб чиқдилар.

Суриялик мухолифат фаолларига кўра, Ҳама вилоятидаги Тремсеҳ қишлоғида 200 дан ортиқ одам ўлдирилган.

Ҳиллари Клинтон оммавий қирғин учун Башар Асад ҳокимияти жавобгар эканини айтди.

Аммо Сурия ҳукумати тинч аҳоли эмас, балки "катта сондаги террорчилар" йўқ қилинганини билдирди.

Қурбонлар сони ҳақида мустақил манбалардан аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ.

Агар кўплаб сонда оддий одамлар ўлдирилгани тасдиқланса, Тремсеҳдаги қирғин Сурияда ўтган йили зўравонликлар бошланганидан буён бир вақтнинг ўзида юз берган энг қонли ҳодисага айланади.

"Мен ушбу зўравонликларни кескин қоралайман", - деди БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

Жаноб Пан Ги Мун президент Асаднинг БМТ махсус вакили Кофи Аннан томонидан апрел ойида таклиф этилган тинчлик режасига риоя этишига шубҳа қилишини айтди.

Клинтон хоним эса Сурия ҳукуматини тинч аҳоли вакилларини "қасддан ўлдиришда" айблади.

Сурияда тинчлик жараёнининг ижро этилишини назорат қилаётган БМТ кузатувчилари Ҳама вилоятида давомли жангларни қайд этганлари ҳақида хабар бердилар.

Уларга кўра, қуролли тўқнашувлар пайтида оғир қуроллар, танклар ва вертолётлар ишлатилган.

Тинчлик битими чорчўбасига кўра, оғир қуроллардан фойдаланиш ман этилган.

Бу мавзуда батафсилроқ