Французларни отган афғон аскари дорга тортилади

Image caption Толибон ҳаракати афғон полицияси ва армияси сафига ўз одамларини киритишга қаттиқ интилаётгани айтилади

Ўтган январ ойи Каписа вилоятидаги амалиёт чоғи афғон аскари хорижлик ҳамкасбларига қарши автоматини тўғрилаб, юздан зиёд ўқ отади. Оқибатда 5 нафар француз аскари нобуд бўлиб, кўпчилик жароҳатланади.

Расмийларга кўра, ўтган 20 январда француз ва афғон аскарлари биргаликда Толибон жангариларини излаётган пайти ўртада даҳанаки жанг келиб чиқади. Шунда аскар Абдул Сабур чет элликларга қарши ўт очишга тушади.

Мазкур ҳужум ортидан Франция Афғонистондаги ўз қўшинларини муддатидан бир йил олдин олдин чиқиб кетишини айтганди.

Душанба куни Кобулдаги ҳарбий маҳкама аскар Абдул Сабурни дорга тортишга қарор қилган.

Жорий йили афғон аскарлари хорижлик ҳамкасбларига қарши 18 маротаба ўт очишган. Мазкур ҳужумлар натижасида камида 26 нафар чет эллик ҳарбий қурбон бўлган.

Абдул Сабур чет эллликларга ўт очгани боис ушланиб, ҳукм қилинаётган илк афғон аскаридир. Аммо у ҳукм юзасидан шикоят аризаси билан чиқиши мумкин.

Аскарнинг отасига кўра, ўғли ҳар вақт руҳий касалликдан азият чеккан ва касалини яшириб, пора билан ҳарбийлар сафига қўшилган.

Халқаро кучлар эндиликда ишга кирмоқчи бўлган афғонларни обдон текширишмоқчи.

Абдул Сабур масаласида руҳий касаллиги ҳақида даъволар ўртага чиқаётган эса-да, умуман олганда, Толибон исёнкорлари Афғон полицияси ва армияси сафига ўз одамларини киритишга қаттиқ ҳаракат қилишаётгани айтилади.