BBC navigation

Суриядаги портлаш ортидан жанглар янада кучайган

Сўнгги янгиланиш 19 июл 2012 - 10:01 GMT

Мана бу сурат Дамашқнинг Ал Ҳажар ал Аввад ҳудудида олинган

Сурияда чоршанба куни юз берган ва ҳудкушлик ҳужуми дея ишонилган ҳужумда уч нафар юқори даражали сиёсатчилар ўлиши ортидан мамлакат бўйлаб тун оша тўқнашувлар давом этган.

Ҳукумат ва мухолифат зиддиятлар бошланганидан бери энг қонлиларидан бири деб кўрилган кунда кўп сонли одамлар ҳалок бўлганини билдиришди.

Фаолларга кўра, Дамашқ жанубида ўтаётган дафн маросимига оғир қуроллар ва тикучарлар ҳужум қилинган.

Президентнинг поччаси, мудофаа вазири ва жаноб Ассаднинг инқироз ечими топиш учун ташкил қилинган жамоаси раҳбари кечаги портлашда ҳалок бўлганлар.

Исёнчи гуруҳлар бомба Миллий Хавфсизлик қароргоҳида мажлисдан бир кун аввал жойлаштирилганини айтганлар. Улар ҳукуматнинг яқин кунларда қулаши муқаррар деб ишонадилар.

Армия эса Суриянинг "жиноятчи ва қотиллар бандалари"дан тозалашини айтмоқда.

Лондонда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари кузатув гуруҳи чоршанба куни Сурия бўйлаб 150 киши нобуд бўлгани ва бу 16 ойдирки давом этаётган можаронинг энг қонли кунларидан бири бўлганини айтган.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюир интернетда жойлаштирилган видеода, фаолларга кўра, Дамашқ жанубидаги Ситт Зайнаб ҳудудида ўтаётган дафн маросими тикучарлардан ўққа тутилар экан, ваҳима ва қон тўкилгани акс этган.

Фаоллар айни ҳодисанинг ўзидагина 60 киши ҳалок бўлганини айтишди.

Давлат матбуоти эса қуролли кучлар Дамашқнинг кўп қисмларида "террорчилар"ни ўлдирганларини хабар қилган.

Фаоллар ғарбдан пойтахт томон ҳаракат қилаётган танклар ҳақида маълумот беришган.

Мухбиримизга кўра, исёнчилар телерадиокомпания ҳам ҳужумга олиниши борасида огоҳлантириб, қароргоҳдаги ходимларни бинони тарк этишга чақирганлар.

Дамашқда юз берган аввалги ҳужумлардан фарқли ўлароқ, чоршанба куни Миллий Хавфсизлик қароргоҳида юз берган ҳужумнинг фото ва видеоси давлат матбуотида тарқатилмаган. Би-би-сининг Дамашқдаги мухбири Лина Синжаб эса қароргоҳнинг биронта ҳам деразаси синмаган кўринишини айтади.

АҚШ мазкур ҳужум режимга қаттиқ зарба беришини айтиб чиқди. "Ўйлашимча, бугунги ҳодиса Ассад назоратни қўлдан бой бераётганидан далолат беради. Барча шерикларимиз бирлашиб, ҳукумат ўзгаришини дастаклашимиз керак", - деди Оқ Уй воизи Жей Карни.

Британия Бош Вазири Дейвид Камерон жаноб Ассад ҳукуматни тарк этиши кераклиги ва "режим ўзгаришига вақт келган"ини айтган.

Ливанда эса Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳассан Насруллоҳ ҳужумни қоралади ва "Биз бу биродарларимизни соғинамиз ва Сурия раҳбарияти, ҳамда Сурия армиясига ўз таъзиямизни изҳор қиламиз", деди.

Россия баъзи давлатлар мухолифат важоҳатини сўндириш ўрнига, уни рағбатлантиришганини айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.