Африкада улкан ер ости денгизи бор экан

Image caption Янги сув заҳираси сувга муҳтож Африка халқларининг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин

Геологлар Намибия давлати ҳудудида улкан сув заҳираларини топганларини маълум қилишган.

Бу йирик сув заҳираси Африканинг энг қуруқ, қирғоқчил минтақаси ривожланишига мислсиз ёрдам кўрсатиши мумкин.

Дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, ер ости денгизи мамлакат шимолини камида 400 йил давомида сув билан таъминлаш имконига эга.

Намибияда Атлантика қирғоқларидан ташқари бирор-бир йирик сув омбори, дарёлар йўқлиги боис аҳоли сувсизликдан қийналиб келади, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш жуда ҳам чегараланган.

Олимларнинг фикрича, янги топилган ер ости денгизи мамлакат қишлоқ хўжалигини қайтадан шакллантиришга қодир.

Уларга кўра, ерости денгизи экологик топ-тоза бўлиши керак. Сабаби сув ўн минглаб йиллар умуман қўл урилмаган ҳолда сақланган.

Табиатнинг бу мўъжизасидан унумли фойдаланиш сувга муҳтож Африка халқлари ҳаётини ўзгартириб юборади, демоқда олимлар.

Бу мавзуда батафсилроқ