Хитойлик рассом Ай Вэйвэйнинг шикоят аризаси қондирилмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ай Вэйвэйга кўра, белгиланган йирик жарима унинг овозини ўчириш, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятига чек қўйиш сифатида қилинмоқда.

Пекин маҳкамаси хитойлик рассом Ай Вэйвэйга нисбатан солиқ тўламаганлиги учун белгилаган катта миқдордаги жаримага тортиш қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Полиция маҳкамада диссидент рассомнинг қатнашишига имкон бермаган.

Хитой солиқ бошқармаси Ай Вэйвэйнинг фирмасини 2011 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб чиққач, маҳкама қарори билан 2,4 млн АҚШ доллари миқдорида жарима белгилаган эди.

Рассомнинг ўзига кўра, маҳкама қарори сиёсийлаштирилган ва бу қарорни қайта кўриб чиқилиши керак.

Хитой ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган рассом Ай Вэйвэй ўтган йили уч ойлик қамоқ жазосига ташланган.

Катта миқдордаги жарима ҳисобига озод қилинган рассом маҳкама қарори бўйича бир натижага эришмагунча тўхтамаслигини Twitterдаги саҳифасида маълум қилган.

Хитой расмийларига кўра, Ай Вэйвэйнинг Fake Cultural Development ( "Сохта маданий ривожланиш") компанияси солиқ тўлашдан бош тортиб келган ва уни тўлашга мажбурдир.

Рассомнинг айтишича, полициянинг доимий кузатувида бўлганлиги сабабли маҳкама ишига боролмаган.

Fake Cultural Development компанияси иш юритувчиси Ай Вэйвэйнинг хотини бўлиб, рассомнинг ўзи дизайн масалалари билан шуғулланади.

Полиция маҳкама ишини кузатишга келган дипломатлар ва журналистларни ҳам маҳкама залига қўймаган.

Ай Вэйвэйга кўра, белгиланган йирик жарима унинг овозини ўчириш, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятига чек қўйиш сифатида қилинмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ