Татаристонда муфтийга суиқасдда гумон қилинган ўзбекистонлик ҳам ушланган

Image caption Содир этилган ҳодиса Файзов ва Ёқубовларнинг хизмат фаолиятлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган

Жума куни эрталаб Татаристон муфтийси Илдус Файзовга суиқасд қилиш ва унинг собиқ ўринбосари Валиулла Ёқубовни ўлдирганликда гумон қилинган беш киши ҳибсга олинган.

Уларнинг орасида бир ўзбекистонликнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Дастлабки қидирув-текширув натижаларига кўра, Қозон шаҳрида рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароси Абдунозим Отабоев муфтий Илдус Файзовнинг машинаси портлашидан сал олдинроқ уни кузатиб борган. Портлашдан сўнг тезда воқеа жойидан кетишга ҳаракат қилган.

Россия Қидирув қўмитаси вакили Владимир Маркиннинг хабар беришича, қўлга олинганлардан яна бири Маккага Ҳаж зиёратини ташкил қилиш билан шуғулланган йирик "Идел Ҳаж" компаниясининг бошлиғи Рустам Гатауллиндир.

Шунингдек, "Вақф" идорасининг раҳбари Мурат Галеев, Високогорск тумани фуқароси Айрат Шакиров ва Лаишев туман фуқароси Азат Гайнутдиновлар ҳам воқеани содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Жаноб Маркинга кўра, Илдус Файзов Татаристоннинг бош муфтийси сифатида "Идел Ҳаж" ташкилотининг пул жамғармалари устидан назоратни бошлаган.

Худди шу боис муфтий ва ташкилот раҳбарияти орасида келишмовчиликлар келиб чиққан. Ташкилот раҳбарияти Файзовга таҳдид қилган.

Татаристон президенти Рустам Минниханов юз берган қотиллик ва суиқасдга алоқадор одамларни топишга ёрдам берадиган маълумот учун 1 млн рубл мукофот пули ваъда қилган.

Диний уламога суиқасд террорчилик амали сифатида баҳоланган.

Жума куни Қозон шаҳрида ўз уйида отиб кетилган Татаристон муфтийси собиқ ўринбосари Валиулла Ёқубов дафн этилган.

Татаристон муфтийси ва унинг собиқ ўринбосарига ҳужум деярли бир хил пайтда турли туманларда мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланишидан бир кун олдин содир этилган.

Татаристон президенти Рустам Манниханов Россиянинг Биринчи каналига берган интервьюсида содир этилган ҳодиса Файзов ва Ёқубовларнинг хизмат фаолиятлари билан боғлиқлигини, бу икки шахс ҳам Татаристонда экстремизмга қарши курашиб келган диний уламолар бўлганларини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ