Полиция Бэтмэн отишмаси гумондорининг уйига кирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Гувоҳларга кўра, маска кийган номаълум киши томошабинларга қарата ўқ узган

АҚШда полиция Бэтмэн филмининг намойишида 12 кишини отган ва 59 кишига тан жароҳати етқазган Жеймс Холмснинг уйига кириш йўлларини қидирмоқда.

Жума куни Холмс яшаган уй камера орқали илк бор текширилганда у ерда портловчи моддалар ва симлар уланган қопқон борлигига гувоҳ бўлинган.

Полиция қопқонни зарарсизлантиришга уринган, бироқ хавфлилиги боис кейинги кунга қолдирилган.

Аврора шаҳар полиция бошлиғининг айтишича, "уйдаги нарсалар миномётларга ўхшайди"." Полиция бунга ўхшаш буюмларни аввал учратмаган"

Шу уйда яшовчи ва атрофдаги бино одамлари бошқа ерга кўчирилган.

Жеймс Холмс кинотеатрга боришдан олдин яхши қуролланган. Интернетдан 6000дона ўқ ҳам сотиб олган.

У ўзидаги ҳамма қуролларни бир неча ой давомида очиқ суратда сотиб олган.

Аврорадаги кинотеатрда яраланган 30 киши касалхонада қолаётганлиги, улардан 11 кишининг аҳволи оғирлиги айтилган.

Жеймс Холмс душанба куни эрталаб Колорадо штати маҳкамасига олиб келтирилади.

Филм намойиши азага айланган

Денвер шаҳри яқинида жойлашган Аврора шаҳри кинотеатрида отишма келиб чиққан.

Полиция гумон қилинган бир кишини машина тўхташ жойида ҳибсга олганини хабар қилган.

Унинг ёнидан милтиқ ва тўппонча чиққан. Ҳибсга олинган киши уйида ҳам қуроллар борлигини айтган.

"Швед медицина маркази" яраланган одамлар орасида жуда оғир аҳволдагилари ҳам бор.

Полиция ҳибсга олинган шахс 24 ёшлар атрофидаги Аврора шаҳри фуқароси Жеймс Холмс эканини маълум қилган.

Полиция бошлиғига кўра, гумонланувчи яшаган уй ўраб олинган, тинтув бошланган. Аҳоли бошқа жойга кўчирилган.

Гувоҳларнинг айтишича, маска кийган номаълум киши томошабинларга қарата ўқ очган. Томоша залига тутун чиқарувчи граната улоқтирган.

Дастлаб бу ҳаракат томошанинг бир қисми сифатида тушунилгани сабабли одамлар унча аҳамият беришмаган.

Гувоҳлардан бири кинотеатр зинапояларидан секин чиқиб келиб томошабинларга тўхтамасдан ўқ узган қора кийимли эркакни кўрганини Си-эн-эн каналига айтган.

Ҳодиса жойига кўп сонли тез ёрдам машиналари етиб борган.

Аврора шаҳри Колорадо штатида жиноятчиликнинг юқорилиги билан ном қозонган.

Оқ уй матбуот котиби Жей Карни президент Обамага отишма ҳақида етказилганини билдирган.

Барак Обама ҳалок бўлганларнинг оиласига чуқур таъзия изҳор қилган.

Шанба куни бутун мамлакат бўйлаб байроқлар пастга туширилган.