Олимпиада машъаласи Лондонга етиб келган

Image caption Олимпиада машъаласини денгиз пиёдачиси пастга олиб тушган

Очилишига саноқли кунлар қолган Ёзги Олимпиада Ўйинларининг машъаласи Лондонга Қиролликнинг Sea King тикучарида олиб келинган.

Машъала бир ҳафта давомида Лондон бўйлаб олиб ўтилади.

Денгиз флоти пиёдачиси Мартин Уильямс Тауэр узра тикучардан занжирга осилиб тушган ва машъалани 2004 йилги Афина олимпиадаси олтин медал соҳиби, енгилатлетикачи Келли Холмсга топширган.

Холмс Буюк Британия пойтахтидаги биринчи машъалачи сифатида Тауэрдан эстафета бўйича Уимблдонга қараб йўл олган.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари очилиш маросими кейинги ҳафта жума куни бўлиб ўтади.

Келли Холмс ўз навбатида олимпиада машъаласини хайрия фаолияти билан танилган Абул Қосимга етказади.

Абдул Қосим машъалани марказий Хэмплетс шаҳри бўйлаб олиб ўтиб, тантанали маросим бошланадиган Тауэр қалъасига олиб боради.

Маросим қатнашчилари орасида Олимпиада ташкилий қўмитаси раиси Себастьян Коэ, Лондон ҳокими Борис Джонсон, Тауэр-Хэмлетс ҳокими Лутфур Раҳмон ва бошқалар бор эди.

Себастьян Коэ ўзининг чиқишида Олимпиада машъаласи олиб келинган Тауэр Британия монархлигининг кучи ва аҳамиятини акс эттиришини айтган.

У олимпиаданинг барча медаллари Тауэр қалъасида сақланиши ҳам бежиз эмаслигини таъкидлаган.

Жаноб Коэга кўра, олимпиада машъаласи тўққиз ҳафта давомида Британия ҳудуди бўйлаб, мингдан ортиқ шаҳар ва қишлоқлардан олиб ўтилган, уни 10 млндан ортиқ одамлар кўргани чиқишган.

Шанба куни эрталаб Лондон кўчаларидан олиб ўтиладиган машъалани миллионлаб одамлар кўра олишади, деб айтган Лондон ҳокими Борис Жонсон.

Олдинроқ Кент графлигининг Грейвсенд туманида ўсмир йигит машъалачига ҳужум қилиб, олимпиада оловини олишга уринган.

Бироқ спорт кийимидаги қўриқчилар ўсмирни ўз вақтида ушлаб қолишга муваффақ бўлганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ