БМТ: Суриядаги кузатувчилар мандати узайтирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурияда тўқнашувлар босилиб, оғир техника қуролларидан фойдаланиш тўхтатилганда кузатувчилар миссияси давом этиши мумкин.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Суриядаги кузатувчилар мандатини яна бир ойга чўзган.

Кузатувчилар миссияси БМТ бош котиби Пан Ги Мун ва Хавфсизлик Кенгаши Суриядаги можароларнинг иккала томони ҳам ярашув шартларига амал қилаётганини тасдиқлагач, давом этиши мумкин.

БМТ кузатувчилари зўравонликлар кучайиб кетгач, ўз ишларини тўхтатган эди.

Хавфсизлик Кенгашида резолюция масаласи қизғин муҳокама қилинган.

Буюк Британия таклиф қилган резолюция матнига Россия вето қўйишини айтгач, унга ўзгартириш киритилган ва маъқулланган.

Американинг БМТдаги вакили Сузан Райс Суриядаги зўравонликлар босилишига умид камлигини айтган ва расмий Дамашққа жазо чоралари билан таҳдид қилишни таклиф қилган.

Россия президенти Владимир Путин ғарб давлатларини БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида ҳаракат қилиш кераклиги билан огоҳлантирган.

Унга кўра, Хавфсизлик Кенгашидан ташқарида қабул қилинган ҳар қандай ҳаракат ушбу халқаро ташкилотнинг обрўсига путур етказиши мумкин.

Россия ва Хитой икки марта резолюцияга вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишган.

Жанглар тўхтамаяпти

Дамашқдаги портлашлар оқибатида Суриянинг тўрт нафар юқори лавозимли раҳбарлари ҳалок бўлишган эди.

Портлашларни ҳудкуш ҳужумчи содир этганлиги айтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Кейинги 48 соат ичида қўшни Ливан чегарасини қариийб 30 минг суриялик кесиб ўтган.

Суриядан олинаётган хабарларга қараганда Дамашқда жанглар давом этмоқда.

Ҳукумат кучлари Мидан туманини исёнчилардан қайтариб олишга эришган.

Сурия армияси Дамашқнинг шарқий Жубар тумани учун жанглар олиб бораётгани айтилмоқда.

Дамашқдан ташқари туманларда ҳам исёнчилар фаоллашгани кузатилган.

Суриядаги асосий мухолифат гуруҳларидан бири - "Мусулмон Биродарлар"га кўра, Сурия ҳокимияти кўп соҳаларда қулаб бормоқда.

"Мусулмон Биродарлар" айтишича, бундай шароитда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг асос ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир кишининг масъулияти бўлиши лозим.

Суриянинг иккинчи йирик шаҳри - Алеппода жанглар иккинчи кундирки давом этмоқда.

Суриядан чиқиб кетаётган қочқинлар оқими кучайган.

Бир кун ичида 3000 дан ортиқ киши Ироқ чегарасидан ўтган.

Кейинги 48 соат орасида қўшни Ливан чегарасини қариийб 30 минг суриялик кесиб ўтгани қайд этилган.

Иордания расмийлари тўрт кун ичида 2500 қочқин мамлакатга кирганини айтишмоқда.

Шу пайтгача Иорданияда 35 мингдан ортиқ суриялик қочқин борлиги хабар қилинади.

Суриянинг шимолий чегараси Туркиядаги қочқинлар сони 40 минг кишидан ошиб кетган.

Бу мавзуда батафсилроқ