Татаристон муфтийсининг ашаддий 'рақиби' Россияни тарк этган

Татаристондаги "Қул Шариф" Жомеъ масжиди имоми ва муфтий Илдус Файзовнинг бош ғоявий мухолифи бўлган Рамиль Юнусов Британияга кетган.

Татаристон муфтийси яқинда юз берган портлашда яраланган, ўринбосари эса, ўз уйи ёнида отиб ўлдирилганди.

Рамиль Юнусов "Казанский Кремль" музей-қўриқҳонаси раҳбари муовини вазифасидан ҳам истеъфо берган.

Би-би-сига аён бўлишича, имом республика ҳукумати биносида кечган узоқ вақтли суҳбатдан қисқа вақт ўтмай, мамлакатни тарк этишга қарор қилган.

Юнусов Илдус Файзов ва унинг ёрдамчиси Валиулла Ёқубовга қарши уюштирилган суиқасд амали юзасидан олиб борилаётган тергов ишида ҳам гувоҳлик бераётганди.

Аммо, масъулларга кўра, унинг ҳаракатланишини чеклашга ҳеч бир асос йўқ, деган қарорга келишган.

"Тергов жараёни учун Юнусов кўплаб гувоҳлардан бири. Сўзсиз, уни яна тергов қилишади. Биз унинг қонунларни ҳурмат қилувчи инсон сифатида, чақирув қоғозини олиши билан ҳозир бўлишига умид қилиб қоламиз", деб айтган тергов қўмитаси вакили Эдуард Абдуллин.

Музей-қўриқхонада ҳам жаноб Юнусовнинг тўрт ойдан саккиз ойгача қўшимча тил курсларидан ўтиш учун Буюк Британияга кетганини расман тасдиқлашган.

Экспертлар уни Татаристонда радикал Исломни фаол тарғиб этувчи инсонлардан бири сифатида кўришади.

"Рамиль Юнусов Жомеъ масжидида "Ваҳҳобийлик" ғояларини тарғиб этган. У радикал Ислом тарафдорларидан бири бўлган", деб айтган Россия Исломий Бирдамлик уюшмаси вакили, таниқли илоҳиётшунос Фарид Салмон.

Араб изи

Би-би-сининг Татаристон Мусулмонлари Диний идорасига яқин манбаларига кўра, Рамиль Юнусов диний таҳсилни "Ваҳҳобийлик" амалда расмий дин ҳисобланувчи Саудия Арабистонида олган.

Би-би-сига аён бўлишича, Татаристон муфтийсига суиқасд қилинган куннинг эртасига у ҳукумат биносига чақирилган.

Кеча душанба куни эса, унинг "Казанский кремль" раҳбари муовини вазифасидан кетиши, аммо "Қул Шариф" имоми лавозимида қолиши аён бўлган.

"Қул Шариф"

Айнан "Қул Шариф" масжиди Файзов ва Юнусов орасидаги очиқча зиддиятлар марказига айланган.

Шу йилнинг апрел ойида Татаристон муфтийси бўлган жаноб Файзов Жомеъ масжиди имом-хатиблик лавозимига ҳам ўзини тайин этмоқчи бўлган.

Аммо бу "Қул Шариф"га келаётган аксарият диндорларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

Сайловлар куни масжидга Татаристоннинг турли бурчакларидан юзлаб намозхонлар оқиб келишган, уларнинг айримлари кескин шиорларни айтиб қичқиришган ҳам.

Би-би-сининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, келганлар орасида уюшган жиноий гуруҳлар собиқ аъзолари ва фаолияти расман тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" диний фирқаси тарафдорлари ҳам бўлишган.

Улар Жомеъ масжиди имоми Рамиль Юнусов билан бирдамликларини изҳор этишган.

"Азатлик" радикал татар ёшлари иттифоқи фаоллари эса, Файзов имом-хатиб бўладиган бўлса, норозилик юришига чиқишларини ҳам айтишган.

Вазиятнинг танглигини кўриб, бу ишга Татаристон ҳукумати вакиллари аралашишган.

Оқибатда Рамиль Юнусовнинг ўзи яна имомлик вазифасида қолган.

Илдус Файзов эса, орадан бир неча кун ўтиб, матбуот анжумани чақирган ва Татаристонда радикал Исломга қарши жанг бораётганини айтган.

19 июл куни эса, Қозонда унинг машинаси портлаган.

Ундан бир соатча аввал муовини ўз уйи даҳлизида отиб кетилган.

Икковлон ҳам Татаристонда диний экстремизм курашчилари сифатида танилишган.

Суиқасд амалларига алоқадорлик гумони билан олти киши ҳибсга олинган ва "террорчилик", "қотиллик" ҳамда "қотилликка уриниш" айблари билан жиноий иш очилган.

Бу мавзуда батафсилроқ