Сурия инқирози: Алеппода қақшатқич жанглар кетмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурия давлат телевидениеси исёнчиларни "четдан катта миқдордаги қуроллар билан рағбатлантирилаётган террористлар", деб атаган.

Суриядаги исёнчилар Алеппонинг катта кисмини назорат килиб турганига карамасдан, мухолифат фаолларига кура, ишғол қилинган туманларни узоқ ушлаб туриш имконсиз кўринмоқда.

"Сурия давлатини барпо қилиш" мухолиф ҳаракатининг асосчиси Талал ал-Майхонийнинг Би-би-сига айтишича, исёнчиларга яхши қуролланган ҳукумат кучларига қарши етарли қурол-яроғ мавжуд эмас.

Ўтган ҳафта Сурия армияси Дамашқнинг бир қанча ҳудудларини исёнчилардан қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Ал-Майхонийга кўра, Алеппонинг кўп аҳолиси ўз турар жойларини ташлаб чиқишган, мактабларда ва университетларнинг ётоқхоналарида яшашмоқда.

Алеппо ҳафта давомида қаттиқ жанглар майдонига айланган. Ҳукумат кучлари тикучарлар ва қирувчи учоқлардан шаҳарнинг шарқий, жанубий туманларига ҳужумлар уюштирган.

Сурия давлат телевидениеси армия жангариларга қарши жанглар олиб бораётганини ва кўплаб исёнчилар ўлдирилганини хабар қилган.

Минглаб сурияликлар Туркия, Ливан, Иордания ва Ироққа қочиб ўтишда давом этишаётгани айтилган.

Айни пайтда АҚШ расмийлари Суриянинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Кипрдаги дипломатлари мухолифат томонига ўтишганини маълум қилганлар.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун жаҳон ҳамжамиятини Суриядаги қон тўкишларни тугатиш учун биргаликда ҳаракатга чақирган.

Россия муносабати

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ғарб давлатларининг Дамашқдаги портлашга бўлган муносабатини "жирканч" деб атаган.

Дамашқда ҳудкуш ҳужумчи портлаши натижасида Суриянинг тўртта юқори лавозимли раҳбарлари ҳалок бўлишган эди.

Москвадаги матбуот анжуманида чиқиш қилган Лавров Американинг БМТдаги вакили Сюзан Райснинг сўзларини келтиради.

"Райс хонимнинг сўзларига кўра, бу портлаш Ғарбни уйқудан уйғотиб, Сурия масаласида бир қарорга келишини тезлаштириши керак экан", - дейди у.

"Русча айтганда, бу Хавфсизлик Кенгаши бизнинг айтганимизни қилмагунича шундай террорчилик амалларини қўллайверамиз, дегани. Бу умуман жирканч ёндошиш.Терроризмни тўғридан-тўғри ёқлашдир",- деб айтган Сергей Лавров.

Уч ҳафта олдин мухолифат томонига ўтгани айтилган генерал Манаф Тлас сурияликларни "озод ва демократик Сурияни тузиш учун бирлашиш"га чақирган.

Манаф Тлас "Ал-Арабия" каналида қилган мурожаатида Башар ал-Ассад тузумига қарши курашишини билдирган.

Ҳақиқатдан хавфсизлик зонасими?

Оқ уй бош котиби Хиллари хоним сешанба куни Сурия мухолифатининг жанглардаги ютуқлари мамлакатда "хавфсизлик зонаси"ни тузишга олиб келиши мумкинлигини билдирган.

Клинтон хоним журналистлар билан суҳбатда " Биз мухолифат билан узвий алоқада бўлишимиз керак. Мухолифат яна ва яна кўпроқ ҳудудларда назорат ўрнатмоқда", деб айтган.

Сурия давлат телевидениеси исёнчиларни "четдан катта миқдордаги қуроллар билан рағбатлантирилаётган террористлар" деб, Араб Лигаси аъзоларини "ҳақиқатни кўриб туриб кўз юмаётган иккиюзламачилар"дея атаган.

Қурбонлар

Фаолларга кўра, сешанба куни камида 130 киши, жумладан Алеппо қамоқхонасидаги қўзғолонда 13 киши ҳалок бўлган.

Чоршанба куни Туркия хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз чегараларини ёпаётганлигини билдирган.

Ҳорижий журналистларнинг фаолияти қаттиқ чекланганлиги боис икки томондан келаётган хабарларни тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ