Башар ал-Ассад: "Миллат тақдири хавф остида"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Башар ал-Ассад ўз аскарларини "қаҳрамонлар", деб атаган

Сурия президенти икки ҳафта давомида омма олдида кўриниш бермаган. Қуролли кучлар куни муносабати билан қилинган мурожаатида аскарларининг "қуролланган террористик гуруҳлар"га қарши ҳаракатларини юқори баҳолаган ва уларни "қаҳрамонлар", деб атаган.

Президент Ассад ўзининг ёзма мурожаатида "Халқимизнинг ва мамлакатимизнинг ўтмиши, ҳозири ва келажаги айни пайтдаги жангларга боғлиқ",-деб айтган.

Жангарилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги ҳозирги тўқнашувлар миллат келажагини ҳал қилади, деб огоҳлантирган Башар ал-Ассад.

Кейинги ҳафталарда Дамашқ ва Алеппо шаҳарлари шиддатли кўча жангларига гувоҳ бўлган.

Фаолларга кўра, ўтган йилнинг март ойидан буён қариийб 20000га яқин киши ҳалок бўлган.

Охирги хабарларга қараганда, тўқнашувлар биринчи бор Дамашқнинг Эски шаҳридаги христиан аҳоли яшайдиган туманлари атрофида бўлиб ўтган.

Сурия Давлат телевидениеси ҳукумат кучлари исёнчиларга қаттиқ зарба бергани ва уларни шаҳардан сиқиб чиқараётганини маълум қилган.

Бироқ фаоллар исёнчилар ҳали ҳам шаҳарнинг катта қисмида назоратни сақлаб қолаётганини айтишмоқда.

Исёнчилар вакили ташқаридан катта миқдорда ҳарбий ёрдам олганликларини рад этган.

Амнести Интернешенел халқаро ташкилоти ҳуқуқбонлари ҳукуматпараст шабиҳа гуруҳини инсониятга қарши жиноят содир қилганликда, аёллар ва болалар дохил тинч фуқароларни ўлдирганликда айблашган.

Улар БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Сурия ҳукуматини Халқаро маҳкамага тортиш ва мамлакатга қурол-яроғ етказилишига эмбарго қўйишни сўрашган.

Бу мавзуда батафсилроқ