BBC navigation

Путин дзюдони томоша қилиш учун Лондон Олимпиадасига келмоқда

Сўнгги янгиланиш 2 август 2012 - 09:08 GMT

Путин дзюдонинг ашаддий ишқибози

Россия Президенти Владимир Путин охирги етти йил ичидаги биринчи расмий ташрифи билан Британияга келмоқда.

Дзюдо спортида қора камар соҳиби ҳисобланмиш жаноб Путин пайшанба куни Лондон Олимпиадаси доирасида дзюдо беллашувларини томоша қилиши кутилади.

У ўтмишда Санкт-Петербург дзюдо чемпионатида ғолиб чиққан ва айни спортни тарғиб қилиш учун видеороликлар нашр этган.

Жаноб Путин, шунингдек, Даунинг Стритда Бош Вазир Дейвид Камерон билан учрашади ва Суриядаги можаро борасида музокара олиб боради.

Путиннинг воизи Россия президенти Москванинг асосли, мунтазам ва мутлақо аниқ мавқеини ҳимоя қилишини айтди.

Бу жаноб Путиннинг Лондонга охирги тўққиз йил ичида қилаётган биринчи сафаридир - охирги марта у Лондонга давлат ташрифи билан 2003 йил июнида келганди. Британиянинг Гленаглс шаҳридаги саммитда у 2005 йил июлида иштирок этган.

Жаноб Путиннинг сафари ўз мамлакатидаги сиёсий норозиликлар даврига тўғри келмоқда.

У март ойида учинчи муддатга президент этиб сайланган эсада, 1990-йиллар бошидан бери илк марта юз берган энг йирик норозилик намойишларига юз тутди. Мухолифат бошчилигидаги намойишчилар Путинни овозларни сохталаштиришда айбладилар.

Путин президент курсисига қайтганидан бери мухолифатга босим ошган, ва баъзи фаоллар қамоққа ташланганлар. Бу ҳафта Pussy Riot аксил-Путин панк гуруҳининг уч аёл аъзоси маҳкамага тортилмоқда. Улар Москвадаги Исо Масиҳ черкови меҳробида Путинга қарши қўшиқ ижро этганлари учун беш ой аввал ҳисбга олингандилар.

"Хавфсиз ҳудуд"

Сурияда ҳукумат қўшинлари мамлакатнинг энг йирик шаҳри Алеппо устидан назоратни қўлга олиш йўлида жангларни давом эттирмоқдалар.

Россия ва Хитой эса икки ҳафта аввал БМТнинг Суриядаги зиддиятга нуқта қўйиш ҳаракатларига яна вето қўйдилар.

Россия Президент Ассадни қўллаб-қувватлаши туфайли БМТнинг янги резолюцияга эришиш интилишлари муваффақиятсиз бўлиб келмоқда.

Президент Путиннинг маслаҳатчиларидан бири Би-би-сига халқаро ҳамжамиятнинг Сурия мухолифатига бўлган дастаги "масъулиятсиз ва номутаносиб" эканини айтди.

Айни дамда, БМТ координатори Баронес Амос Сурияда хавфсиз ҳудудларнинг йўқлиги жанглар орасида қолиб кетган оддий одамларга ёрдам бериш ҳаракатларига тўсиқ бўлаётганини билдирди.

"Одамлар хавфсизлиги учун энг аввало оташкесимга эришиш керак, лекин бунинг уддасидан чиқа олмадик", - деди Леди Амос.

"Оташкесим бўлмаган ҳолда биз қандайдир даҳлиз ё хавфсиз ҳудудни яратиш йўлида ишлашимиз керак. Аммо, гап шундаки бу каби ҳудуд учун йўл очиб берадиган резолюциянинг ўзи йўқ", - деди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.