Сурия инқирози: БМТ Бош Ассамблеяси янги резолюция тайёрлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

БМТ Бош Ассамблеясида Сурия масаласи бўйича резолюцияни овозга қўйиш кутилмоқда.

Резолюцияда БМТ Хавфсизлик Кенгаши мамлакатда қон тўкишларнинг олдини ололмагани қораланади.

Резолюциядан мақсад, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Сурия президенти Башар Ал-Ассад режимига босимни кучайтириш.

Қабул қилинган ҳужжат юридик кучга эга эмас.

Бундан олдин БМТ раҳбари Пан Ги Мун БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан август ойи охирида якунланадиган ваколатларини узайтирмасликка қарор қилганини эълон қилган эди.

Жаноб Аннаннинг айтишича, бунга "Сурия муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамжамиятдан керакли дастакка эга бўла олмагани" сабаб бўлган.

Кофи Аннан ўз вазифасини Суриядаги жанглар кескинлашган бир пайтда тарк қилмоқда.

Резолюцияга овоз бериш БМТ элчиси Кофи Аннаннинг истеъфоси эълон қилинишидан кейин амалга оширилади.

Резолюция натижаси ассамблеянинг 193 аъзоси берган овоз натижаларига қараб белгиланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Америка ахборот воситалари президент Обама жангариларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш борасида махфий фармонга имзо чеккани ҳақида хабар тарқатган.

Айни пайтда, Суриянинг Алеппо шаҳрида жанглар шиддатли тус олгани хабар қилинмоқда.

Пайшанба куни исёнчилар Алепподаги ҳукумат авиабазасига танклар орқали ҳужум уюштиришган.

Америка ахборот воситалари президент Обама йил бошида Суриядаги ҳукуматга қарши кучларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш борасида махфий фармонга имзо чеккани ҳақида хабар берган.

Ҳужжат қачон имзолангани номаълум, бироқ Америка Жосуслик Бошқармаси Сурия жангариларига кўмак бериб келгани айтилмоқда.

Америка матбуоти МЖБнинг Туркияда ҳарбий базаси мавжудлиги ҳақида маълумотлар олингани ҳақида хабар тарқатган.

New York Times рўзномасига биноан, Америка Жосуслик Хизматининг ходимлари Тркия жанубида махфий фаолият бошлаганларига кўп бўлган.

Рўзномага кўра, Америка ҳарбийлари туркиялик иттифоқчилари билан бирга Суриядаги қайси жангари гуруҳга қурол етказиб бериш маъқуллигини маслаҳатлашган.

Россия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Геннадий Гатилов БМТ элчиси Кофи Аннаннинг истеъфоси Сурия келажаги борасида кўп саволларни ўртага қўяди,- деб айтган.

"У ҳақгўй халқаро сиёсатчи эди. Лекин ҳарбий ҳаракатларга зўр бермоқчи бўлган баъзи кучлар учун уни ўйиндан чиқариш муҳим ҳисобланади. Бу аллақачон аниқ бўлган",- деган Россия мулозими.

Сурия ҳукумати ҳам Кофи Аннан истеъфога чиқаётганидан афсусдалигини билдирган.

Кофи Аннан томонидан илгари сурилган можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режаси амалга ошмай келмоқда.

Сурияда ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасида давом этаётган тўқнашувларда кеча 170 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўтган йилнинг март ойидан буён қурбонлар сони 20 мингдан ошиб кетгани айтилади.

Би-би-си мухбирига кўра, Кофи Аннаннинг истеъфога чиқиш қарори можарони тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги сиёсий уринишларнинг барбод бўлганини англатади.

Бу мавзуда батафсилроқ