Сурия исёни янги мужоҳидларни яратмоқда

Жиҳодий гуруҳ аъзоси Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Озод Сурия Армияси ва жиҳодий гуруҳлар ўртасида ўзаро ишончсизлик кайфияти мавжуд

Бундан бир ярим йил бурун Сурияда тинч намойишчилар яккаҳоким тузумни ўзгартириш учун кўчага чиқишгани пайти мамлакатда бирон бир жиҳодий гуруҳдан асар ҳам йўқ эди.

Зотан ўшанда Сурияда ҳукуматдан ташқари бирон ҳарбий куч ва жанг олиб бориш иқтидорига эга муқобил гуруҳ ҳам йўқ эди.

Бироқ Сурия ҳукумати тинч аҳолига қарши куч ишлатаркан, одамлар ҳам қўлларига қурол олдилар.

Шу асно Озод Сурия Армияси ташкил топди. Бу гуруҳ намойишчиларни дастаклаган собиқ аскарлардан ташкил топган ва улар "Башар ал-Ассад тузумига қарши курашиб, халқни ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз," деб айтишади.

Аммо орадан кўп ўтмай, Суриядаги низолар саҳнида мужоҳидлар пайдо бўлишди.

Улар ўз вебсаҳифаларида қандай йўл билан бўлмасин, Сурияда исломий тузум ўрнатамиз, деб такрорлашади.

Озод Сурия Армиясидаги исёнчилар эса мужоҳидларни кўп ҳам хуш қаршилашмайди.

"Башар ал-Ассад тузуми қулагач, бу мужоҳидлар Сурия ҳамда минтақа учун бошоғриқ ва ҳақиқий хавф-хатарга айланишади," – дейди исёнкор қўмондон Аҳмад Нимаҳ.

Полковник Нимаҳ мужоҳидларнинг Суриядаги иштироки чекланган, деган фикрда.

Бироқ, хабарларга биноан, нотинчлашган мамлакат бўйлаб жиҳодий ҳаракатлар кучаймоқда.

Ал-Қоидага баят

Ал-Қоидага ўхшаш жиҳодий гуруҳлардан бири бу - Жабҳат ал-Нусра ли-Аҳл аш-Шом (Сурия Аҳлини Ҳимоя Қилиш Жабҳаси) гуруҳи.

Қисқача "ал-Нусра" номи билан ҳам танилган бу гуруҳ "Манара ал-Байда" ("Оқ Минора"”) номли медиа гуруҳи орқали баёнотлар ва видеотасвирлар тарқатади.

Жорий йил бошида ташкил топган айни гуруҳ аллақачон Сурия армияси, хавфсизлик кучлари ва ҳукуматпараст "Шабиҳа" жангариларига қарши бир нечта ҳужумлар уюштирганини айтади.

Янги Ироқ туғилмоқда

Сурия исёнкорлари ҳам, мужоҳидлар ҳам Башар ал-Ассад тузумини қулатишни истайдилар.

Бироқ ундан кейинги амаллар борасида улар тамомила зид мавқеда.

Сурия исёнкорлари фуқаровий жамият ва демократик тузум ўрнатиш ниятидалар.

Бироқ ҳозир Башар ал-Ассад тузумига қарши курашда исёнкорларга мададкор бўлаётган жиҳодий гуруҳлар эса Сурияда шариат аҳкомларини ўрнатиб, Исломий тузум барпо этишмоқчи.

Таҳлилчиларга кўра, бу фарқ худди 2003 йили Америка ишғоли олдида бош кўтарган Ироқдаги қаршилик кучлари ва жиҳодий гуруҳлар орасидаги фарққа ўхшайди.

Маълум бўлишича, ҳозир Сурияда жанг олиб бораётган исёнкорлар ва мужоҳидлар кураш усуллари ҳам ҳар хил.

Масалан, аксилҳукумат исёнкорлари очиқ жанг ва босқин усулларини афзал билишади.

Жиҳодий гуруҳлар эса, асосан, пистирма қўйиш, суиқасд қилиш, худкушлик ҳужуми уюштириш ва ё бомба ўрнатиш каби террорчи гуруҳлар усулларидан фойдаланишмоқда.

Шунингдек, одам ўғирлаш ва товон талаб қилмасдан, тутқунларни қатл этиш усуллари ҳам уларнинг Ироқдаги жиҳодий гуруҳларга ўхшашлигини кўрсатади.

"Мужоҳидлар ёмон жангчи эмас, аммо одам ўлдириш усулларини қабул қилиб бўлмайди" – дейди суриялик исёнкор қўмондон Салим Абу Ясир – "Улар бир аскарни тутиб олишади-да, кейин боёқишнинг пешонасига тўппонча тираб, отиб ташлашади".

"Бу нотўғри амал-ку, у тутқунни ҳеч бўлмаса шариат маҳкамасига юзлантириб, айбини исботлаш ва қонунга мувофиқ жазолаш керак эмасми?"

Халқаро жиҳод

Суриядаги нотинчликлар боис узоқ-яқиндан ҳам кўплаб мужоҳидлар бу мамлакатга келишмоқда.

Бир неча йил илгари Ироқда ҳам худди шундай бўлган.

New York Times нашрига кўра, АҚШдаги жосуслик хизматлари ал-Қоида гуруҳининг Ироқ бўлими мужоҳидлари энди Сурия бўйлаб ёйилаётганидан хабар топишган.

Ўтган февралда видеомурожаат билан чиққан ал-Қоида раҳбари Айман аз-Завоҳирий қўшни Ироқ, Иордания, Ливан ва Туркиядаги мужоҳидларни қўзғалишга ҳамда Суриядаги биродарларини қўллашга чақирган эди.

Жиҳодий форумларга қарасангиз, бугун улар Сурия тупроғида ҳалок бўлаётган хорижий мужоҳидлар борасида тинимсиз хабар беришади.

Бу мужоҳидлар Саудия Арабистони, Ливан ё Миср каби мамлакатлардан келишган.

Бир неча кун олдин эса айрим хабар агентликлари Сурияда бугун ҳатто Ўзбекистондан ҳам мужоҳидлар борлиги ҳақида ёзишганди.

Аммо аксар Покистон ва Афғонистонда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мужоҳидлари ҳозир Сурияда ҳам мавжудлиги тўла тасдиғини топгани йўқ.

Лекин Сурияда бошқа чет эллик жиҳодий гуруҳлар иш олиб бораётгани маълум. Булар орасида Ливанда жойлашган ва Исроилга қарши кўплаб ҳужумлар уюштирган Фатаҳ ал-Ислом гуруҳи бор.

Суриянинг ўзида ҳам ал-Нусра ва Аҳрор аш-Шом каби янгидан янги жиҳодий гуруҳлар тузилмоқда.

Ҳозирча, Суриядаги мазкур жиҳодий гуруҳлар ва аксилҳукумат исёнкорларининг қисқа муддатли мақсадлари муштарак.

Бироқ дунёвий Сурияда бу жиҳодий гуруҳлар таъсири ошиб бораверса, муштарак мақсадлар улкан зиддиятга айланиши ҳам табиий.

Бу мавзуда батафсилроқ