Сурия: гаровга олинган эронликлар орасида ҳарбийлар ҳам бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрон расмийлари гаровга олинганлар орасида собиқ ҳарбийлар борлигини тан олишган

Эрон Сурия исёнчилари гаровга олган 48 кишининг орасида Эрон Инқилобий гвардиясининг собиқ жангчилари ҳам борлигини тан олган.

Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳийнинг айтишича, қўлга олинганлар Дамашқ ва Ҳалабга зиёрат учун борганлар.

"Улар ортиқ ҳарбий вазифаларни адо этишмайди",-деган жаноб Солиҳий.

Исёнчилар эса гаровдагилар зиёратчилар эмаслигини, Сурия ҳукумати учун жосуслик ўтказганларини иддао қилишган.

Расмий Теҳрон бу хабарни рад қилган.

Эрон ҳукумати БМТдан масалани ҳал қилишда аралашишни сўраган.

Эрон Ташқи Ишлар вазири Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун бугун Туркияга борган.

Расмий Анқара ва Теҳроннинг Сурияга муносабати кескин фарқ қилсада, Эрон исёнчилар тарафида бўлган Туркияга гаровдагиларни озод қилинишида ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Лекин шуниси ҳам борки, аниқ бир етакчиси бўлмаган исёнчиларга Туркиянинг қанчалик таъсир қила олиши ноаниқдир.

Бугун олинган хабарларга қараганда, гаровга олинганларнинг 3 таси ҳалок бўлган.

Исёнчиларнинг айтишича, ҳукумат кучларининг ҳужуми натижасида эронликлар жойлашган бинонинг девори қулаган.

Қолган 45 кишининг тириклиги айтилган. Бироқ ҳукуматпараст кучлар яқин соатларда жангни тўхтатишмаса, гаровдагиларнинг қолгани ҳам ўлдирилиши билан таҳдид қилинган.

"Ўлдирилган" генерал Москвадан топилган

Шунингдек, "Сурия озодлик армияси" "Ал-Арабия" телеканалига гўёки Сурия мудофаа вазирининг маслаҳатчиси бўлган россиялик Владимир Петрович Коджиев деган генерал ўлдирилганини маълум қилган.

Бунинг исботи сифатида россияликка тегишли гувоҳномани кўрсатган.

Ўз навбатида Россия Мудофаа вазирлиги бу хабарни " қип-қизил ёлғон" лигини ва бундай ёлғон хабарларни тарқатиш россиялик ҳарбийларга нисбатан ғаламислик мақсадлари учун қилинаётганлигини таъкидлаган.

Олдинроқ Россия Мудофаа вазирлиги бундай номдаги генерал Суриядаги ходимлари орасида йўқлигини билдирган эди.

Сурияда "ўлдирилган"лиги айтилган ўхшаш исми шарифлик Кужеев Владимир Петрович эса ушбу хабардан сўнг Россия Мудофаа вазирлигига борган, ўзининг Дамашқда эмас Москвадалигини, тирик ва соппа-соғлигини маълум қилган.

Суриянинг Алеппо(Ҳалаб) шаҳрида жанглар кучайгани, ҳукумат телевидениеси армия кучлари Ҳалабда назорат ўрнатишганидан хабар берган.

Олдинроқ Amnesty International халқаро ташкилоти Алеппо (Ҳалаб)даги тинч фуқаролар хавфсизлиги борасида хавотирларини изҳор этган.

Amnesty Internationalнинг ҳисоботига кўра, сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар шаҳарда оғир артиллерия қуролларидан кенг фойдаланилганини кўрсатган.

Тасвирларда ҳужумлар оқибатида пайдо бўлган 600 дан ортиқ чуқурлар акс этган. Халқаро ташкилот аҳоли турар жойларига қилинган ҳар қандай ҳужум учун иккала томоннинг ҳам масъулиятли эканини таъкидлаган.

Фаолларга кўра, сешанба куни қирқдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ