Мали: Исломчилар ўғрининг қўлини кесишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Минтақада кучаяётган исломий гуруҳлар шариатга қатъий амал қиладиган тузум ўрнатишларини айтишади.

Ғарбий Африкадаги Мали шимолини назорат қилаётган радикал Исломий жангарилар ўғирликда айбланган эркакнинг қўлини кесиб жазолашган.

Ўзбошимча ўрнатилган шариат маҳкамаси ҳукми - Асонго қишлоғида омма кўзи олдида ижро этилган.

Ўғирликда айбланган ёш эркакнинг қўли бошқаларга ўрнак бўлиши учун кесиб ташланган.

Мали ўтган баҳор ҳарбий давлат тўнтарувини бошидан кечирди ва ўшанда мамлакат шимоли радикал Исломий гуруҳлар ҳамда Туарег исёнкорлари назоратига ўтди.

Улар ўз қўлига ўтган ҳудудларни мустақил исломий давлат, деб эълон қилишган, аммо халқаро миқёсда тан олингани йўқ.

Минтақада фаол ва кучаяётган Ансориддин ҳамда Ғарбий Африка Ваҳдат ва Жиҳод гуруҳлари шариатга қатъий амал қиладиган тузум ўрнатишларини айтишади.

Масалан, бир ҳафта олдин зинода айбланган эркак ва аёл тошбўрон қилиб ўлдирилганди.

Тимбукту каби тарихий шаҳарларда сўфий мусулмонлар тиклаган қадимий қадамжоларни ҳам бутпарастликка етаклайди, дея бузиб ташлашган.

Мали шимолида аксар мусулмонлар яшашади.

Лекин улар ҳам бу қадар кескин шариат қоидалари ўрнатилишига қаршилар.

Африка Афғонистони

Мали муваққат ҳукумати ушбу гуруҳларни жиловлашга ҳозир ожизлик қилмоқда.

Марказий ҳукумат аралашувидан умидини узган минглаб маҳаллий мусулмонлар бир неча кун олдин намойишга чиқиб, ўғирликда айбланган одамнинг қўлини кесмасликни талаб қилишганди.

Бироқ Исломчилар тошбўрон ва қўлни кесиб жазолаш амаллари шариат ҳукмидир, деб айтишмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, қора Африкада кечаётган сўнгги воқеалар силсиласи Афғонистондаги Толибон ҳаракати амалларига жуда ўхшашдир.

Ҳозир Африканинг энг кўп аҳолига эга ва нефтга бой мамлакати – Нигерияда ҳам Боко Ҳаром гуруҳи содир этаётган зўравонликлар кучаймоқда.

Боко Ҳаром маъноси “Ғарб таълими ҳаром” деган маънони англатади ва улар бутунлай ғарбона андазадаги ўқиш-ёзишга қаршилар. Шунингдек, насроний ибодатхоналарга ҳужумларда ҳам айни гуруҳни айблашади.

Сомалида эса аш-Шабаб гуруҳи аллақачон шаръий маҳкамалар ўрнатган.

Африка бўйлаб яна кўплаб кичикроқ радикал гуруҳлари падо бўлаётир.

Мазкур гуруҳларнинг аксариси ал-Қоида тармоғига алоқадор, деб кўрилади.

Кузатувчиларга кўра, айни гуруҳларни кўпинча ёшлар тузишади ва аксарияти муайян мамлакатдаги доимо камситиб келинган диний ёки миллий озчилик вакилларидир.

Баъзида ўз ҳақ-ҳуқуқларини қўлга кирита олмаган ёшлар дин байроғи остида қўлларига қурол оладилар, дейишади таҳлилчилар.

Бу мавзуда батафсилроқ