Хитойда iPad учун буйрагини сотган ўсмир иши бўйича маҳкама бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитойда Apple фирмасининг маҳсулотларига талаб катта бўлса ҳам, кўпчилик аҳоли бу маҳсулотларни сотиб олишга қурби етмайди.

Пекинда 17 ёшли ўсмир буйрагини сотганликка алоқадор беш киши устидан маҳкама бошланган.

Маълум бўлишича, хитойлик ўсмир Apple компаниясининг iPad ва iPhone маҳсулотларини олиш учун ўз буйрагини сотишга рози бўлган.

Ўсмирни бу ишга ундаган гуруҳ инсон аъзоларини ноқонуний сотиш ва қасддан кишига тан жароҳати етқазишда айбланмоқда.

Айбланувчилар орасида ўсмирнинг буйрагини операция қилиб олган Хунан вилоятилик жарроҳ ҳам бор.

Ҳукуматга қарашли Синхуа ахборот агентлигининг хабар беришича, судланувчилар айбдор деб топилса, уларга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ван исмли деб айтилаётган ўсмир операция оқибатида пайдо бўлган буйрак етишмовчилигидан маҳкама жараёнида қатнаша олмаган.

Қораловчига кўра, интернет-чат орқали ўсмир болани буйрагини сотишга кўндирилган.

Маҳкамада айтилишича, қимор ўйинларидан орттирган қарзларини тўлаш учун Хэ Вэй исмли айбланувчи апрел ойида буйракни кўчириш жарроҳлик амалиётини ташкил қилган.

Бунинг натижасида айбланувчиларнинг ҳар бири 35 минг долларга эга бўлган, шўрлик ўсмир Ванга эса 3000 доллар берилган холос.

Жарроҳлик амалиётидан кейин Ван бир ўлимдан қолган, ҳозир ҳам унинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Судланувчи Хэ Вэй айбини тан олмаган, унинг айтишича ўсмирнинг ўзи буйрагини сотишга рози бўлган.

17 ёшли ўсмирнинг иши унинг онаси ўғлидан iPad ва iPhone учун пулни қаердан олгани билан қизиққанидан кейин очилган.

Ван буйрагини сотганлигини онасига айтиб беришга мажбур бўлган.

Хитойда Apple фирмасининг маҳсулотларига талаб катта бўлса ҳам, кўпчилик аҳоли бу маҳсулотларни сотиб олишга қурби етмайди.

Шу билан бирга, мамлакатда донорлик аъзоларининг етишмовчилиги айтилади.

Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1,5 миллионга яқин киши аъзоларини кўчириб ўтқазилишига муҳтож.

Бироқ мамлакатда йилига 10 минг шундай жарроҳлик амалиётлари ўтказилади холос.

Хитойда инсон аъзолари донорлари сифатида ўлимга ҳукм қилинганлардан фойдаланиш тез-тез учрайди.

Лекин шу йилнинг июл ойида расмий Пекин бу амалиётдан аста-секинлик билан воз кечишини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ