Афғонистонда НАТО аскарлари ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги халқаро кучларнинг маълум қилишича, мамлакат жанубидаги ҳарбий базада Афғон ходим уч коалиция аскарини отиб ўлдирган.

Улар қайси мамлакатнинг ҳарбийлари эканлиги хабар қилинмаган.

Ҳужум қилган афғон офицери НАТО кучлари томонидан ушланган.

Айни шу куни бошқа бир афғон полициячиси овқатланиб ўтирган уч америкалик аскарни отиб ташлаган ва воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Америка Мудофаа вазири аскарларининг ўлимини тасдиқлаган.

Толибон вакили Қори Юсуф Аҳмадийнинг Франс пресс агентлигига телефон орқали маълум қилишича, афғон полициячиси толибларга бориб қўшилган.

Халқаро кучларнинг матбуот сўзчиси Гюнтер Кац афғон полициячиларининг ҳужумларига "шахсий адоват ва стресслар" сабаб бўлишини айтади.

НАТО қўмондонлиги афғонларнинг ҳарбийларга ҳужуми ортиб бораётганлигидан хавотир изҳор этган.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг ўзида афғон хавфсизлик хизмати вакилларининг НАТО аскарларига қарши 26 та ҳужуми юз берган, 34 аскар ўлдирилган.

Жума куни ҳам Ҳилманд вилоятида икки британиялик аскар ҳам отиб кетилган эди.

Бу охирги ҳафтадаги бешинчи шундай ҳужум деб кўрилаяпти.

НАТОнинг жангариларни яксон қилиш борасидаги ҳаракатларига қарамасдан, ҳар куни толибларнинг ҳужумлари амалга ошаётгани айтилади.