Жидда шаҳрида Сурия инқирози муҳокамаси қолдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дамашқ ва Ҳалабда жанглар яна кучайгани айтилмоқда

Араб давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Сурия инқирозига бағишланган Жидда шаҳридаги учрашуви бошқа пайтга қолдирилган.

Араб Лигаси бош котиби ўринбосари Аҳмад бин Хеллийнинг айтишича, Саудия Арабистони Ташқи Ишлар вазирининг бетоблиги бунга сабаб бўлган.

Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида шунингдек, Кофи Аннан истеъфоси ортидан БМТ ва Араб Лигаси махсус элчилиги учун янги номзод масаласи муҳокама қилиниши кутилган эди.

Шанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли билан учрашган Америка Давлат котиби Хиллари Клинтон музокараларда тарқоқ Сурия мухолифатини дастаклаш ва Башар ал-Ассаддан кейинги Сурия келажаги муҳокама этилганини, шунингдек суриялик қочқинларга ёрдам кўпайтирилишини айтган.

Айни пайтда Сурия пойтахти Дамашқ ва Алеппо(Ҳалаб)да жанглар давом этаётгани хабар қилинмоқда.

Дамашқ чеккасида йўловчи автобуси портлаши натижасида беш киши ҳалок бўлган. Ҳукумат ҳодисада террорчиларни айблаган.

БМТ маълумотларига кўра, Суриядаги зўравонликлардан қочаётган тинч фуқароларнинг сони ортиб бормоқда.

Сурияга қўшни барча давлатлардаги каби Туркияда ҳам чегараларни кесиб ўтаётган минглаб қочқинлар сабабли гуманитар инқирозга юз тутиш хавфи пайдо бўлган.

Туркияда айни пайтда 50 мингдан ортиқ суриялик қочқин жойлаштирилган.

Оқ Уй котиби Хиллари Клинтон Суриянинг ўзида икки миллион кишининг инсонпарварлик ёрдамларига муҳтожлиги, шу мақсадда 82 миллион доллар ёрдам пули берилишини маълум қилган.

Туркияда жойлашган суриялик қочқинларга ҳам Америка томонидан 5,5 миллион доллар ёрдам ажратилиши айтилган.

Клинтон хоним суриялик қочқинлар билан бориб учрашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жанглар давом этмоқда

Фаолларга кўра, Салоҳиддин мавзесини ташлаб чиққан жангарилар ҳукумат кучларига қарши янги ҳужумларга тайёрланишяпти.

Отишмалар бироз тинганидан фойдаланган одамлар юклари ортилган автомашиналарда шаҳарни тезроқ тарк этишга ҳаракат қилмоқдалар, деб хабар беради Рейтер агентлиги.

Маълумотларга қараганда, Сурияда айни пайтда Ал-Қоидага боғлиқ камида 200 жангари исёнчилар томонида жанг қилмоқда.

Сурия давлат телевидениеси лавҳаларида АҚШ бошчилигида Ғарбнинг "террористик гуруҳларлар"ни очиқдан-очиқ қуроллантираётгани қаттиқ қораланган.

Франс пресс агентлиги хабар беришича, Тариқ ал-Баб туманига тушган снаряд портлашидан 12 киши ҳалок бўлган, камида 29 киши яраланган.

Бу мавзуда батафсилроқ