Афғонистон жанубида толиблар бола ўғрисини қатл этдилар

Толиб
Image caption Ғазний Афғонистоннинг энг нотинч вилоятларидан бири ҳисобланади

Афғонистон жанубидаги Ғазний вилояти ҳокими сўзчиси Фазл Сабавуннинг Би-би-сига маълум қилишича, кеча тунда Толибон айни вилоятнинг Қарабоғ тумани Жамол қишлоғидан ёш болани ўғирлаб кетган бир шахсни қатл этган.

Хавфсизлик кучлари икки одам ўғрисидан бир нафарини қўлга туширганлар.

Бироқ боланинг отаси ҳукумат вакили етиб келгунга қадар толиблардан ёрдам сўраган.

Бир соат ичида, деб айтган вилоят ҳокимининг сўзчиси, толиблар қишлоқни ўраб олиб, бола ўғрисини уйидан ташқарига чиқариб, отиб ташлаганлар.

Ёши 8 да бўлган болакай отасига топширилган.

Ўз исми ошкор бўлишини истамаган вилоятдаги ҳукумат хавфсизлик мулозимининг айтишича, кеча тунда толиблар томонидан қатл этилган шахс жасади бугун эрталаб Қарабоғ тумани ҳудудида йўл бўйида топилган.

Маҳаллий оқсоқоллардан бирининг Би-би-сига маълум қилишича, боланинг отаси маҳаллий ҳокимиятга ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилган. Хавфсизлик мулозимлари одам ўғриларидан бир нафарини тутиб, қамоққа ташлаганлар.

Аммо ўз ўғли тақдиридан хавотирга тушган ота толиблардан ёрдам сўраган.

Толибон шўроси бола ўғрисини дарҳол тутишга буйруқ берган ва бир соат ичида қишлоқ ўраб олинган.

Толиблар овоз кучайтиргич билан нима учун қишлоққа келганларини эълон қилганлар.

"Улар одам ўғрисини ташқарига олиб чиқишди ва Калашников автомати билан отиб ташлашди," деб айтган маҳаллий оқсоқоллардан бири.

Қарабоғ тумани Ғазни шаҳридан 40 километр жануби-шарқда, Кобул-Қандағор шоҳ йўли бўйида жойлашган.

Қарабоғ Толибон фаол бўлган минтақа ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ