BBC navigation

Австралия бошпана изловчиларни яна қўшни орол-мамлакатларга 'ҳайдайди'

Сўнгги янгиланиш 15 август 2012 - 12:46 GMT

Янги тартиб ҳаётини хавф остига қўйиб Австралияга кемада етиб олишга уринаётган инсонларни қайтаради, деб умид қилинмоқда.

Австралия парламентининг қуйи палатаси кемаларда яширинча йўллар билан Австралияга кириб олмоқчи бўлган бошпана изловчиларни Тинч уммонидаги орол мамлакатлар - Науру ва Папуа-Янги Гвинеяга ўтказиш ҳақидаги шартнома матнини маъқуллаб овоз берган.

Ушбу шартнома устидан Австралия партиялари аъзолари ўртасида қаттиқ баҳслар кечди ва ниҳоят ўзаро келишувга эришганлар.

Ўзи ҳозир қудратдаги Лейбористлар партияси Наурудаги муҳожирларни тутиб туриш марказини 2008 йилда ёпган эди.

Ҳозир Лейбористлар раҳбари Австралия Бош вазири Жулия Гиллард хоним Науру ва Папуа-Янги Гвинея раҳбарлари билан музокаралар ўтказганини ва улар Австралияга йўл олган инсонларни тутиб туриш марказларини қайта очишга розилик билдирганларини айтди.

Яқин бир ой ичида бу марказлар иш бошлашига умид билдирган Австралия Бош вазири Гиллард хоним.

Айни пайтда Австралия соҳилларига қайиқда етиб боришга уринган 67 бошпана изловчи қидирилмоқда, бир неча кундан буён улар топилгани йўқ.

Кема Индонезия соҳилидан Австралияга қараб йўлга чиққан, шундан кейин бедарак кетган.

Кемадаги ҳамма одам ҳалок бўлган бўлишлари мумкин, деган хавотирлар билдирилаяпти.

Австралия матбуоти хабар қилишича, 2009 йил октябридан буён денгизда қайиқда бу мамлакат қирғоқларига етиб боришга уринган 600 дан ортиқ инсон чўкиб кетган.

Австралияда аксар Осиё мамлакатларига нисбатан яшаш даражаси баландлиги кўп инсонларни бу мамлакатга қандай йўл билан бўлса ҳам кириб олишга ундайди, бундан кемаларда одам контрабандаси билан шуғулланадиган мўмай даромад олишади.

Авваламбор, булар Австралиянинг қўшнилари - Индонезия, Шри-Ланкадан бўлган кишилар кўп учрайди.

Охирги йилларда кўплаб афғонистонлик, ироқлик муҳожирлар ўтирган қайиқлар денгизда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабарлар ҳам кўпайган.

Австралия ҳукумати эса ноқонуний муҳожирлар оқимини имкон қадар камайтиришга уриниб келади.

Шу мақсадда илк бор 2001 йилда Австралияга қўшни Науру ва Папуа Янги Гвинеянинг Манус оролида муҳожирларни ушлаб туриш марказлари очилганди. Бунинг эвазига бу мамлакатлар Австралия ҳукуматидан ёрдам маблағлари олдилар.

Бу марказлар 2008 йилгача ҳокимиятга Лейбористлар келиб, уларни ёпгунча фаолият юритди, Австралия соҳилида кемаларни кўрган ҳарбий денгиз чегара қўшинлари бошпана изловчиларни ана ўша оролларга ҳайдашди.

Одамлар бир неча ой, баъзан эса бир нечани йил қаттиқ қўриқланадиган марказларда ўтказишди, у ердаги яшаш шароитлари ҳамда кўп вақт ушлаб турилганларига қарши очлик эълон қилиш амалиётлари уюштиришди.

Аксар автралияликлар бундай марказларни ташкил қилиш сиёсатини қўллаб-қувватлаганлар, бироқ инсон ҳақлари ташкилотлари Австралияни ўз зиммасига олган қочқинларга оид конвенциялар мажбуриятларини бажармаётганликда айблашди.

Айни пайтда Австралияга бораётган бошпана изловчилар сони ҳам кўпайиб бораверди. Денгизда ҳалок бўлаётганлар сони ҳам ортмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2012 йилнинг 7 ойи давомида Австралия қирғоқларига ноқонуний кириб келган кемалар сони 7100 тадан ошган.

Босимлар остида ўзлари қочқинлар марказларини ёпганларига қарамасдан, қудратдаги Лейбористлар партияси муаммони ҳал этиш йўлини излашга мажбур бўлди, Бош вазир Жулия Гиллард буйруғига биноан, ушбу муаммо ечимини топиш мақсадидаги махсус ҳайъат 2 ой олдин ташкил этилди.

Вазиятни обдон ўрганган мустақил ҳайъат Австралия ҳукуматига тавсиялар ишлаб чиққан, бу тавсиялардан бири қўшни мамлакатларда бошпана изловчиларни ушлаб туриш марказларини "имкон қадар тезроқ" қайта очиш маслаҳати бўлди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.