BBC navigation

Pussy Riotга берилган жазо дунё бўйлаб танқид қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 август 2012 - 08:46 GMT

Рус провослав черкови Россия ҳукуматидан "Pussy Riot"нинг маҳкум қатнашчиларига "меҳр-шафқат" қилишни сўраган.

Россиянинг Pussy Riot панк-гуруҳининг уч аъзосига икки йил қамоқ жазоси берилгани кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Мария Алехина, Надежда Толоконникова ва Екатерина Самуцевич жума куни "диний адоват" мақсадида безориликда айбдор деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Черков меҳробида аксилҳукумат норозилик амали ўлароқ бошига балаклава ўраб, ашула айтган Pussy Riotнинг ҳаракати нафақат Россияда, балки бутун дунёда турли фикрларга сабаб бўлган.

АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Исо Масиҳ Исо Масиҳ эҳромида қўшиқ айтганлари учун Pussy Riot қизларига чиқарилган ҳукмни қоралашган.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи чиқарилган ҳукмни "номутаносиб" дея атаган.

"Россия ҳукумати бошқача фикрлайдиган фуқароларининг овозини бўғишда давом этмоқда"деб айтган Amnesty International халқаро ташкилоти, ҳамда қизларга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирган.

Рус провослав черкови Россия ҳукуматига "Pussy Riot"нинг маҳкум қатнашчиларига нисбатан бошқа шаккоклик ҳаракатларини қайтарилмаслиги умидида, "меҳр-шафқат" қилишни сўраган.

Қизларга жамоат тартибини қўпол равишда бузиш, провослав насронийлари қадриятларига қарши бориш ва проваславларнинг туйғуларини оёқ-ости қилиш каби айбловлар қўйилган.

Маҳкаманинг охирги кунида Толоконникова, Алехина ва Самуцевич ўзларининг ҳаракатлари билан черковга эмас, Владимир Путинни очиқ қўллагани учун Патриарх Кириллни ҳажв этишганини айтишган.

"Биз эҳромдагиларга, черков ва Худога нисбатан ҳеч қандай ҳақорат сўзларини ишлатганимиз йўқ. Фақат сиёсий вазиятни яхши томонга қараб ўзгартириш истаги бўлган",- деб айтган айбланувчи Толоконникова.

Америка Давлат департаменти вакили Виктория Нуланд Pussy Riot иши Россиядаги сўз эркинлиги вазиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Оқ Уй вакили Жош Эрнстнинг айтишича, "Америка Қўшма Штатлари Россия маҳкама тизимининг бу ёш аёлларга муносабатидан жиддий хавотирда".

Оврўпо Иттифоқининг ҳорижий ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича вакили Кэтрин Эштон ҳам панк гуруҳ аъзоларига ҳукмни қоралаган.

"Бу ҳодиса Россиянинг халқаро мажбуриятларини бажаришда, хусусан холис, шаффоф ва мустақил маҳкама жараёни ўтказишини савол остига қўяди" деб айтган Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат идораси раҳбари Кэтрин Аштон.

Ангела Маркелга кўра ҳам чиқарилган ҳукм "ҳаддан ташқари шафқатсиз"дир.

Эстония президенти Томас Хенрик Ильвес ҳукмни "уч қизни икки йиллик умумий режимдаги колонияга ҳукм қилиш Ўрта асрларга қайтишдир"дея баҳолаган.

Би-би-си мухбири Бриджит Кендал "Pussy Riot иши жуда чуқурлашиб кетган бўлса ҳам, Путин ва ҳукумати маҳкама ишининг бу қадар овоза бўлишини хоҳлашмаган бўлишса керак", деб фикр билдиради.

Намойишлар дунёнинг 50 дан ортиқ шаҳарларида бўлиб ўтган

Яна намойишлар

Кузатувчиларга кўра, президентлик сайловларидан кейин анча босилган норозилик намойишлари, чиқарилган ҳукм сабабли янги намойишларни келтириб чиқариши мумкин.

Судланувчиларни қўллаб-қувватлаган намойишлар дунёнинг Белград, Кинв, София, Берлик, Лондон, Барселона ва Дублин каби 50 дан ортиқ шаҳарларида бўлиб ўтган.

Нью Йоркда бошларида балаклавалар билан намойишга чиққан олти киши жамоат тартибини бузганлиги учун ушланган.

Хамовнический маҳкамаси олдида ҳам 50 га яқин киши қўлга олинган.

Pussy Riotнинг юзлаб тарафдорлари "Полиция ҳукумати йўқолсин!"," Pussy Riotга озодлик!" каби шиорларни айтиб қичқиришган.

Полиция маҳкама тугамасидан тўпланган мухолифат аъзоларини ҳибсга ола бошлаган.

Ушлаб кетилган ўнлаб мухолифатчилар орасида Сергей Удалцов ва Гарри Каспаровлар бўлган.

Каспаров полициячини тишлаб олганликда ҳам айбланган.

"Ҳамма нарсани инқилоб қутқаради. Биз уни амалга оширамиз!"

"Путин инқилоб оловини ёқмоқда"

Россия президенти Владимир Путин икки ҳафта олдин "қизларни бунчалик қаттиқ жазоламаслик керак"лигини айтган.

Маҳкама қарори чиқарилгач, президент матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг маҳкама жараёнига аралашолмаслигини билдирган.

Омма сўровларига кўра, Россиянинг ўзида Pussy Riotни қўллаётганлар унча кўп эмас.

Маҳкама қарори ўқиб эшиттирилганда судланувчилар мийиғида кулишган.

"Буни фақат Pussy Riotнинг охирги қўшиғидаги "Путин инқилоб оловини ёқмоқда" сўзлари билан изоҳлаш мумкин, деб айтган ҳукм ўқилгандан сўнг Надежда Толоконникованинг турмуш ўртоғи Петр Верзилов. " Бу ҳукмдан кейин мамлакат ҳатто Хитой томон эмас, Шимолий Кореяга қараб кетаётганлигини кўрсатди. Ҳамма нарсани инқилоб қутқаради. Биз уни амалга оширамиз",- деган у.

Марии Алехинанинг ҳимоячиси Николай Полозов ҳамкасблари билан шикоят аризаси беришини, бу ишни ҳал қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасигача бориши"ни билдирган.

"Биз ҳимоямиздаги қизларни озод қилиш учун барча ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланамиз. Ўйлайманки, бу ҳукм фуқаролик жамиятига туртки бўлади ",- дейди Pussy Riotнинг ҳимоячиси Марк Фейгин.

Ҳимоячиларнинг айтишича, қизлар президентдан авф сўраш ниятида эмаслар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.