BBC navigation

Ийд ал-Фитр арафасида Доғистондаги масжид ўққа тутилди

Сўнгги янгиланиш 19 август 2012 - 08:54 GMT

Доғистонда диний радикал гуруҳлар ҳужумлари тез-тез амалга оширилади

Якшанбага ўтар кечаси Доғистоннинг Хасавюрт шаҳридаги масжид ўққа тутилиши оқибатида саккиз киши жароҳат олган.

Аввалроқ РИА Новости хабар агентлиги ҳужум ортидан юз берган портлаш ҳақида хабар тарқатганди.

Россия Ички Ишлар Вазирлигининг Доғистондаги бўлими бу маълумотни тасдиқламади.

Шанба куни соат кечки тўққиз атрофида икки ниқоб кийган кишилар Хасавюрт шаҳридаги шиалар масжидига кириб, масжид ичидаги одамларга қарата ўт очганлар.

Яраланганларнинг икки нафари оғир аҳволда реанимацияда қолишмоқда.

Илк хабарларда олти киши жароҳат олгани айтилганди.

Доғистон ИИБси сайтида маълум қилинишича, ҳужумчилар масжидга яқин жойда портловчи моддалар солинган қопни ташлаб кетганлар.

Россия хабар агентликлари масжидда портловчи моддаларни хавфсизлантирувчи мутахассислар ишлаётганини хабар қилишди.

Охирги маълумотларга кўра, автомобил газ баллони ва портлатгичдан ясалган ва оғирлиги 30-40 килограммга тенг портловчи модда хавфсизлантирилган.

Доғистон тергов қўмитаси ҳозирда айни ҳодиса бўйича жиноий иш очишни муҳокама қилмоқда.

Масжидга ҳужум мусулмонларнинг энг муқаддас байрамларидан бири бўлмиш Ийд ал-Фитр арафасида юз берган.

Россияда Ўраза байрам дея нишонланувчи байрам уч кун давом этади.

Мусулмонлар яшовчи ва ибодат қилувчи ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бу йил Рамазон ойининг бошланишига Татаристоннинг Қозон шаҳрида юз берган ҳодисалар қора соя солган - у ерда Татаристон муфтийсининг муовини Валиулла Яқупов ўлдирилган, ҳамда муфтий Илдус Файзов ҳаётига суиқасд уюштирилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.