BBC navigation

Афғонистонда ўзбеклар камситилмоқдами?

Сўнгги янгиланиш 21 август 2012 - 09:45 GMT

Афғонистондаги кўплаб миллий озчиликлар мамлакатдаги урушлар ва камситишлар боис бу юртни тарк этишмоқда. Йирик тўрт миллатдан бири бўлган Ўзбеклар аҳволи қандай?

Маълум бўлишича, кам сонли миллатлар ва диний озчиликлар, хусусан, қозоқ, туркман, қирғиз ва ҳиндулар катта сонда Афғонистонни тарк қилишмоқда.

Бош сабаб - урушлар ва иқтисодий қийинчиликлар. Бироқ ижтимоий муаммолар ва камситишлар ҳам ўрин тутиши айтилади. Айниқса, ҳиндулар аксар ҳолларда “кофирсан” деган тавқи ланъат остида яшашга мажбур бўлиб келишганидан шикоят қилишади.

Айни дамда, улар ўз маданият ва тиллари равнақи учун шароит йўқлигини ҳам сабаб сифатида келтиришади.

Зотан Афғонистонда 50%дан кўп бўлган мутлақ етакчи миллат йўқ. Энг кўп сонли қавм паштунлар, кейин тожиклар ва ниҳоят ўзбеклар ҳамда шиа ҳазоралар бу мамлакатдаги тўртта энг йирик миллий жамоани ташкил этишади.

“Аммо бугун сони кўпроқ бўлган паштунлар Афғонистон бизнинг миллат бошчилик қилиши керак бўлган юрт ва бу ерда паштун тили ва маданияти етакчи бўлиши керак, деган миллатчилик кайфиятлари давом этмоқда” – дейди АҚШдан асли бадахшонлик тарихчи олим Муҳаммад Назиф Шаҳроний.

Йўқотилган Туркистон

Кўп миллионли ўзбеклар учун ҳозирги Афғонистон шимоли тарихий ватандир.

“Бугун ўзбеклар миллий асосда бирон камситишга дуч келишмайди” – дейишади ўзбеклар энг зич яшовчи Фарёб вилоятидаги ёшлар – “Афғонистондан кетаётганлар эса урушлар ва иқтисодий қийинчиликлар боис бошқа мамлакатлардан бошпана излашмоқда”.

Дарҳақиқат, сўнгги йиллари ўзбек тили мамлакат шимолида расмий тил мақомини олган, Ўзбекча телекўрсатув ва радиодастурлар узатилмоқда ҳамда нашрлар ва дарсликлар чоп этилаяпти .

Ўзбек мактаблари ва олий ўқув юртлари қошида эса ўзбек-турк кафедралари очилган.

Ҳозир шимолий Афғонистонни намоён этаётган парламент депутатлари орасида ҳам ўзбеклар кўпчилик.

Бироқ кўплаб зиёлилар назарида бу етарли эмас.

“Афғонистон шимоли азалдан Туркистон деб аталарди, аммо бугун ушбу калимани истеъмолдан чиқаришган ва шимолий Афғонистон дейишмоқда” – мисол келтиради Муҳаммад Назиф Шаҳроний – “Кўплаб бошқа жой номларимизни ҳам қайта номлашган”.

“Ҳукумат барча миллатларга қонунда кўрсатилгани каби тенглик ва ҳақ-ҳуқуқ бериб қўйганини кўрсатиш учун ўз таркибидаги бир-иккита мулозимни кўз-кўз қилиб келади, аслида эса бу кўп нарсани англатмайди” - давом этади тарихчи олим.

Озаётган озчиликлар

Олимларга кўра, муҳим мавқега эга бўлган раҳбарлар турли қавмлар юз тутаётаган муамоларга етарли эътибор қаратишмайди.

Зиёлиларнинг қўрқишича, агар бу мамлакатда миллий ва ё диний камситишлар кучайса, у ҳолатда мамлакат озчиликлари орасидаги саводли тоифани ҳам йўқотади.

Шундоқ ҳам ўтган чорак аср давомида аксар ўқимишли тоифа бўлмиш 5 миллион афғонистонлик бу юртни тарк этганди.

Ҳозир қанча одам айнан миллий ва диний камситишлар боис Афғонистондан чиқиб кетгани аниқ эмас.

Бироқ қозоқлар ва ҳиндуларнинг қарийб барчаси аллақачон Қозоғистон ҳамда Ҳиндистонга кетгани айтилади.

Яқинда Кобулда қолган кам сонли сикх диний жамоаси учун расмийлар махсус маҳалла тузатишни бошлашди. Бироқ бу алоҳида маҳалла уларнинг муаммоларини қайтагча кўпайтириши мумкин, деган қарашлар ҳам бор.

Асрлар бўйи мазҳаби туфайли камситиб келинган шиа ҳазорларидан эса қарийб икки милилонга яқин киши қўшни Эронга қочиб ўтишган ва бугун у ердаги қонуний мақомлари мавҳумлигига қарамай, Афғонистонга қайтиб келишни исташмайди.

Бир пайтлар кўп минг сонли жамоа бўлган яҳудийлардан эса Кобулда фақат ягона вакил қолгани айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.