BBC navigation

"Ассанжни тутиш учун элчиликка кириш – сиёсий худкушлик’

Сўнгги янгиланиш 21 август 2012 - 08:09 GMT

Ассанжнинг "фош этишлари" АҚШни ҳам, бошқа сиёсатдонларни ҳам ўта ўнғайсиз аҳволга солган.

Эквадор президенти Рафаэль Корреа мамлакатининг Лондондаги элчихонасида яширинган Wikileaks асосчисини ушлашга интилиш сиёсий худкушлик бўлади, деб огоҳлантирган.

Эквадор телевидениеси орқали гапирган Президент Корреа агар Жулиан Ассанжни ҳибсга олиш учун Британия кучлари уларнинг Лондондаги элчихонасига киришса, бу жиддий халқаро можарога айланади ва биз БМТга мурожаат этамиз, деб айтган.

Олдинроқ эса, Британия расмийлари Жулиан Ассанжни ушлашга қатъий аҳд қилишганини билдириб, керак бўлса, Эквадор элчилигининг дипломатик дахлсизлигини ҳам бекор қилиш ҳақида огоҳлантиришганди.

Бу таҳдид ортидан ҳозир кўплаб Жанубий Америка давлатлари “АҚШ ва Британия агрессиясига қарши” норозилик билдириб, Эквадорга хайрихоҳлик қилишмоқда.

Жулиан Ассанж ўтган июнь ойида Эквадор элчихонасига кириб яширинган ва бошпана сўраганди.

Ўтган ҳафта Эквадор унга сиёсий бошпана берди. Аммо Британия ҳукумати Жулиан Ассанжнинг Эквадор элчилигидан чиқиб кетишига йўл қўймаймиз, деб айтмоқда.

Лондон уни Швецияга топшириши мумкин. Швецияда эса Wikileaks асосчиси жинсий тажовуз айбларига юз тутади.

Бироқ унинг ўзи бу айбловларни уйдирма, деб атайди ва барча айблар АҚШнинг жиғига теккани ва дунёдаги энг қудратли мамлакат сирларини дунёга фош қилгани туфайли рўй бермоқда, деб айтади.

Жаноб Ассанжнинг ишонишича, Швецияга борса, уни ушлаб АҚШга топширишади.

Жулиан Ассанж АҚШдаги махфий ҳужжат, ёзишма ва суҳбатларни ўзининг Wikileaks вебсаҳифасида жаҳонга ошкор этганди.

Бу “фош этишлар” эса АҚШни ҳам, дунёдаги жуда кўплаб бошқа раҳбарлар ҳамда сиёсатдонларни ҳам ўта ўнғайсиз аҳволга солгани айтилади.

Сешанба куни Британия Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги сайтлари Жулиан Ассанжга мамлакатдаги таъқиблар сабабли хакерлар ҳужумига учраган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.