BBC navigation

Хитойда нега хорижий мухбирларга қарши ҳужумлар кўпаймоқда?

Сўнгги янгиланиш 21 август 2012 - 14:33 GMT

Хитой ҳуқуқ-тартибот органлари хорижий матбуот ходимларини мунтазам равишда таҳқирлашмоқда.

Хитойдаги хорижий мухбирлар уюшмалари Хитой ҳукуматига мурожаат билан чиқиб, ўтган бир ой ичида хорижий матбуот ходимлари юз тутган таҳқирлашлар ва зўравонликлардан чуқур хавотир билдирганлар. Улар журналистларга бўлаётган ҳужумларнинг сони ошиб бораётгани ва бу ҳужумларда полиция ва хавфсизлик кучлари роли тобора ўсаётганини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек ҳизмати Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Мартин Пейшнс билан боғланиб, вазият нақадар абгорлиги ҳақида сўради.

Пейшнс: Ҳукумат хорижий мухбирлар Хитойда эркин фаолият юритишлари мумкин дейишади, лекин, албатта, Тибетга чеклов қўйилган. Лекин, аслида, хорижий мухбирларни полиция мунтазам равишда қўлга олади ва баъзи ҳолларда дўппослайди ҳам. Хорижий матбуот уюшмаларининг айтишларича, ўтган бир ойнинг ичида тўртта жиддий ҳодиса рўй берди. Масалан, япониялик бир журналистни полиция уриб, жиҳозларини мусодара қилган. Бошқа бир ҳодисада, нозик бир маҳкама ишини ёритаётган гонконглик журналист фуқаролар кийимидаги полиция зобитлари томонидан дўппосланган. Ва энди Пекин, Шанхай ва Гонконгдаги хорижий мухбирлар клублари Хитой ҳукуматидан журналистларни зўравонлик ва қўрқитувлардан ҳимоя этишни сўрашмоқда. Улар айниқса хавфсизлик кучларининг муносабатидан хавотирдалар.

Би-би-си: Лекин, ўтган бир неча йил ичида Хитойда матбуот эркинлашмоқда, деган таассурот пайдо бўлганди. Охирги вақтда хорижий мухбирлар бундай зўравонликка юз тутаётганлари сабаби нимада?

Пейшнс: 1990 йилларгача журналистлар жуда жиддий назорат остида эдилар, лекин айниқса 2008 йил Пекин Олимпиадаси олдидан журналистларга кўпроқ эркинлик берилди. Эркинлик деганда, ҳукумат ходимисиз мамлакат бўйлаб ҳаракат қилишни назарда тутаяпман. Лекин, баъзиларида барибир маҳаллий расмийларнинг тўсиқларига дуч келасиз. Аммо, ўтган йилдан бери бу эркинликлар чеклана бошланди. Араб давлатларида юз берган инқилоблар Хитой ҳукуматини безовта қила бошлади. Бир ҳодисада бир гуруҳ хорижий мухбирлар ёппасига қўлга олиниб, хусусан ББС мухбири қўпол жисмоний муносабатга юз тутган. Пекиннинг қоқ марказидаги нуфузли савдо марказида полиция бошқа бир мухбирнинг қўлини синдирган. Ҳозир зўравонликнинг ошаётганига бир сабаб шуки, ҳукумат 10 йилда бир марта юз берадиган энг юқори даражали раҳбариятнинг ўзгаришига тайёрланмоқда ва у бу ҳақида ёмон хабарлар тарқатилишини истамайди.

Би-би-си: Бироқ, масалан, Ўзбекистон, Шимолий Корея ё баъзи араб давлатларига қараганда Хитойда барибир хорижий матбуот фаолияти мавжуд, шундай эмасми? Масалан, Ўзбекистонда умуман хорижий матбуот йўқ.

Пейшнс: Ҳа, тўғри, бу Яқин Шарқ ё Африка эмас. Вазият албатта жиддий, лекин ҳеч ким ўлдирилгани йўқ. Масалан Марказий Осиё ё Афғонистонда бунга боғлиқ аҳвол анча оғирроқ, мен Афғонистонда ишлаганман. Марказий Осиё ва Афғонистонда кўпроқ маҳаллий журналистлар зўравонликка юз тутади ва баъзиларида бутунлай йўқ бўлиб кетишади, лекин биз хорижий журналистлар муайян эркинликларга эгамиз. Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Хитой хорижий мухбирлар келишини истайди, чунки у ўзининг муҳимлигини билади ва ўзи диққат марказида бўлишни хоҳлайди. У журналистлардан ижобий ёритишларини кутади, лекин биз танқидий кўз билан қарашамиз керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.