BBC navigation

Ливандаги сунний ва алавитлар Сурия учун тўқнашишган

Сўнгги янгиланиш 21 август 2012 - 10:27 GMT

Суриядаги можаролар мамлакатдан ташқарига чиқаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда

Ливаннинг Триполисида икки кундан буён суннийлар ва алавитлар ўртасида давом этаётган тўқнашувларда етти киши ўлдирилган, 17 киши яраланган.

Икки диний оқим тарафдорларининг қаршиликлари Суриядаги қуролли можаролар боис таранглашган.

Ливан бош вазири Нажиб Микати тунги жангларни "бемаънилик"деб атаган ва можаронинг икки томонини ҳам Суриядаги воқеалардан узоқроқ туришга чақирган.

Сешанба куни ҳам Ливаннинг катталиги жиҳатидан Бейрутдан кейинги иккинчи йирик шаҳрида мухолифат ва Башар ал-Ассад тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда уч киши ўлдирилган эди.

Сунний мусулмонлар яшайдиган Баб ал-Таббон тумани ва алавитлар кўпчиликни ташкил қилган Жабал Муҳсин мавзесида отишма бошланган.

Гувоҳлар камида 25 киши яраланганини айтишган.

Суннийлар ва алавитлар ўртасидаги келишмовчиликлар боис, аҳолиси асосан суннийлар бўлган Саудия Арабистони ва Қатар давлатлари Ливандаги ўз фуқароларидан зудликда мамлакатни тарк қилишни сўрашган эди.

Суриядан келаётган хабарларга кўра, пойтахт ва атрофларида портлашлар содир бўлиб турибди.

Япониянинг Суриядаги элчихонаси Алеппо(Ҳалаб) шаҳридаги тўқнашувларни ёритаётган япон журналисти Мика Ямамото ҳалок бўлганини хабар қилган.

Маълумотларга кўра, Ямамотога Сулаймон туманида ҳукумат кучлари ва жангарилар орасида бўлиб ўтган отишмада ўқ теккан.

Сурия расмийлари жанг майдонида хориж журналистлари борлигидан хабарсиз бўлганларини билдиришган.

Бундан олдин Суриядаги можароларда туркиялик, ливанлик ва америкалик араб журналисти бедарак йўқолгани айтилганди.

Бироқ бу хабарлар мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Феврал охирида Хомс шаҳрида америкалик ва франциялик журналистлар ҳам ҳалок бўлишган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.