BBC navigation

Суннат - ота-оналар учун бошоғриқми?

Сўнгги янгиланиш 22 август 2012 - 12:59 GMT

Оврўпо давлатларида ўғил болаларни хатна қилиш борасида саволлар кўпайган сари, АҚШда бу амални қўлловчи шифокорлар сони ошиб бормоқда экан.

Америкада эркакларнинг аксари суннат қилинган, лекин янги туғилган ўғил болаларни хатна қилиш ҳоллари охирги вақтларда камайиб бормоқда.

Баъзи штатларда хатна қилинган ўғил болалар нисбати 50 фоиздан ҳам тушиб кетган, чунки охирги вақтда ота-онлар бу амални кўпроқ савол остига ола бошлаганлар.

Стивен Бокс етти ой аввал туғилган фарзандини хатна қилиш керакми-йўқлиги борасида қарор қабул қилишига тўғри келди ва бу қарор осон берилмаслигини тушуниб етди.

Стивеннинг ўзи хатна қилиш кенг тарқалган даврнинг маҳсули. Унинг тенгдошлари орасида хатна қилинмаганлари жуда озчиликни ташкил қилган.

Лекин у рафиқаси билан бирга ўғлини хатна қилмасликка қарор қилишди.

"Биз хатна учун жиддий асосни топа олсаккина бунга қўл урамиз, деб айтдик ва бу каби жиддий асосни топа олмадик", дейди Стивен.

"Бизни шу йўлда тарбиялашган бўлса, шунинг ўзигина бу амални тўғри эканлигини англатмайди", дея хулоса қилади у.

Стивен Бокс ўзи хатна қилинганлигига қармай, ўғлини суннат қилмасликка қарор қилганлардан.

Июн ойида Олмония маҳкамаларидан бири ёш болалар учун хатна ҳуқуқларининг бузилишини англатиши ҳақидаги ҳукмни чиқарганди.

Яҳудий ва мусулмон жамолари бу ҳукмни ўз эътиқодларига нисбатан ҳужум сифатида кўрдилар ва ҳукм уларни ларзага солди.

АҚШдаги етакчи рўзномаларда ҳам норози фикрлар чоп этилиб, АҚШ Конгрессининг 20 аъзоси Олмониянинг Вашингтондаги элчисига мактуб йўллаб, ўз хавотирларини билдиришди.

Оврўпода хатна қилинган эркаклар асосан яҳудий ёда мусулмон жамолари аъзолари бўлишса, АҚШда суннат ҳамма жамолар орасида кенг қўлланувчи амалдир.

Америкалик эркакларнинг тўртдан уч қисми хатна қилинган. Мамлакат бўйлаб ҳар 30 секундда бир хатна амали рўй беради.

Лекин Стивен Бокс каби хатнани савол остига олаётган ота-оналар сони ортиб бормоқда. Суннатга қарши ҳаракатлар ҳам пайдо бўлибди.

АҚШ Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази маълумотларига биноан, ҳозирда дунёга келаётган ўғил болаларнинг 55-57 фоизи туғруқхонанинг ўзидан хатна қилиниб уйга йўл оладилар, лекин уларнинг сони йилига 1 фоизга камайиб бормоқда.

Шифокорларга кўра, Америкада хатна яқин-яқинларгача эмлашнинг бир тури сифатида кўриб келинган.

1999 йили хатна сийдик йўли касалликлари ва саратоннинг олдини олишда у қадар катта рол ўйнамаслиги ҳақида тадқиқот натижалари чоп этилганидан сўнг вазият ўзгара бошлади.

Жаҳон бўйлаб эркак аҳолисининг неча фоизи хатна қилинганлигини кўрсатувчи жадвал. (Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотлари асосида)

Аслида суннат ижобий тиббий жиҳатларга эга эканлиги ҳақидаги ғояни бундан 140 йилча аввал доктор Люис Сойер тарғиб қилган. Ушбу ғоя кейинчалик Британия, Канада, Австралия ва Янги Зелландияда ҳам кенг тарқалди.

Иккинчи Жаҳон Уруши даврида эса америкалик аскарлар бу тажрибани Жанубий Кореяга ҳам олиб бордилар ва у ерда ҳам бу амал кенг тарқалган.

Ҳозирда ёш болаларнинг хатна қилинишига қарши изҳор этилаётган фикрлар кўпда 1990 йил БМТ томонидан қабул қилинган Умумжаҳон Болалар ҳуқуқлари Конвенциясида тилга олинган иборалар билан боғланмоқда.

Олмония маҳкамаси ҳукми ҳам ёш болани хатна қилиш "унинг жисмоний дахлсизлиги ва қадрини ҳимоя қилиш"га қарши бўлиши каби ғоя асосига қурилган.

Норвегияда ҳам Болалар Ҳуқуқлари Омбудсмани яҳудий ва мусулмон жамоаларига рамзий суннат ўтказишни маслаҳат бермоқда. Баъзи парламент аъзолари эса бола камида 18 га кириб, ўзи қарор бериш ёшида бўлиши кераклигини таъкидламоқдалар.

Ўтган йили Сан-Франциско шаҳрида ёш болаларни хатна қилишга қарши камапния ўтказилиб, бу борадаги петицияга 12 минг киши имзо чекди.

Ушбу кампания тарафдорларига кўра, хатна қилиш учун жиддий тиббий талаблар мавжуд эмас ва суннат соғлом тананинг бир қисмини боланинг розилигисиз кесиб олишни англатади.

Баъзилар эса ҳатто суннат эркакнинг жинсий фаолиятига ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини айтадилар.

Лекин август ойининг 27 куни Америка Педиатрлар Академияси суннатнинг тиббий фойдасини кўрсатувчи янги ҳисоботни чоп этиши кутилмоқда.

Лекин суннат масаласи болалар ҳуқуқи, ота-она ҳуқуқи ва диний эркинлар ўртасидаги мушкул мувозантга эришишни англатади.

Айни вақтда диний эркинликларни таъминлаш тақозоси муҳокама қилинмайдиган масалаларни ҳам туғдирмаслиги керак.

Оксфор Университетидан тиббий аҳлоқ соҳаси мутахассиси Браян Ирпнинг айтишича, аҳлоқий субъектлар сифатида ривожланиб келар эканмиз, ҳар қандай амални савол остига олиш имконига эга бўлишимиз керакдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.