BBC navigation

Покистон Толибон ҳаракати қўмондони ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 25 август 2012 - 11:44 GMT

Покистондаги Би-би-си мухбири айтишича, Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий Кўнар вилоятида Толибон ҳаракатининг Бажаур минтақасидаги нуфузли қўмондони ўлдирилган.

Нато томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумида Мулла Дадулла, унинг муовини Шукурдан ташқари, яна ўндан ортиқ толиб ҳам ўлдирилган.

Хабар тафсилотларини ўрганган мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайга кўра, 40 ёшларда бўлган Мулла Дадулла ўтган йили Толибоннинг ҳукумат билан тинчлик музокаралари олиб бораётганини ошкор қилиб қўйган Мавлавий Фақир Муҳаммаднинг ўрнига ҳаракатнинг Бажаур минтақасидаги қўмондони этиб тайинланган бўлган.

Асли исми Жамол бўлган Мулла Дадулла Покистондаги Толибон ҳаракатининг Бажаур минтақасидаги қўмондони бўлган.

Мулла Дадулла ўзи қўмондонлик қилган ҳудудда катта таъсирга эга бўлган.

Аммо Толибон ҳаракатининг марказий раҳбариятида у қадар катта ўрин тутмаган.

Аммо Бажаурда қавмлар яшовчи етти минтақадан биттасининг қўмондон бўлгани учун ҳам, ҳаракат учун анчайин муҳим шахс бўлган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Бажаур минтақасида ҳаракатнинг иккита гуруҳи амал қилади.

Бу икки гуруҳдан йиригига Толибоннинг минтақадаги собиқ қўмондони Мавлоно Фақир Муҳаммад бошчилик қилса, Мулла Муҳаммад кичикроғига қўмондонлик қилган.

Ҳозирча Покистон Толибон Ҳаракати бунга бирор бир муносабат билдирганича йўқ.

Ҳаракат, одатда, ўзининг йўқотишларига оид хабарларни рад этиб келади. Айниқса, нуфузли қўмондонлари ўлдирилган пайтларда.

Чунки амалиёт чоғида биргина Мулла Дадулланинг ўзи эмас, у билан бирга Кунар вилоятида яшириниб юрган 13 га яқин Толибон жангариси ҳам ўлдирилган.

Бундан аввал Бажаур минтақасида фаолият юритиб келган гуруҳ Покистон ҳукуматининг ҳарбий амалиётлари ортидан, сўнгги йилларда Афғонистон шарқида яшириниб юрган.

У ерда ўз базасини ташкил қилиб, Афғонистон тупроғидан Покистонга ҳужумлар уюштириб келган.

Покистон ҳукумати аввалдан бу ҳақда огоҳлантириб келган.

Аммо афғон ҳукумати ва Нато кучлари Покистон томонининг даъволарини қабул қилмаган.

Аммо Мулла Дадулланинг ўлимига оид хабар ҳозирча на-да ҳаракат ва на-да Покистон ҳукумати томонидан тасдиқланган.

Аммо, айрим хабарларга кўра, Мулла Дадулланинг ўрнига аллақачон бошқа қўмондон ҳам тайин этилган.

Толибон гуруҳлари бу каби масалаларда анчайин тезкорлиги боис, унинг ўрнига Мулла Абубакир деган шахснинг қўйилгани айтилмоқда.

Аммо бу унинг асл исми эмас. Шунинг учун ҳам бу ҳақда ҳалича гапириш эрта. Балки, унинг ўрнига янги одам тайин этиш ортидан, Мулла Дадулланинг ўлдирилгани ҳам расман тасдиқланиши мумкин. Чунки ўтмишда Афғонистондаги Толибон ҳаракати ҳам, "Ал-Қоида" тармоғи ҳам худди шундай йўл тутиб келган.

Мулла Дадулла афғон ҳукумати ва Нато кучларига қанчалик жиддий хавф бўлган?

Мулла Дадулла асосан Покистон ҳукуматига хавф солиб келган. У афғон ҳукумати ва Нето кучларига унчалик жиддий хавф бўлмаган.

Чунки Покистон Қуролли кучлари, мавқеълари ва ҳукуматпараст қавм оқсоқолларини нишонга олиб келган.

Афғонистоннинг ўзида унчалик ҳам фаол бўлмаган.

Аммо шуниси аниқки, аввал Покистон ҳукуматининг ҳарбий амалиётларида талофат берган ҳаракат энди дрон ҳужумларида ҳам йўқотишларга учрамоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.