BBC navigation

Доғистонда таниқли шайх ўлдирилгани муносабати билан мотам эълон қилинди

Сўнгги янгиланиш 31 август 2012 - 17:33 GMT

Сешанба куни кечга яқин Шайх Афандининг дафн маросими ўтказилган.

Доғистон ҳуқуқ-тартибот органлари хабар қилишларича, сешанба куни доғистонлик таниқли сўфий шайх Саид Ацаевга суиқасд қилган худкуш ҳужумчи аёлнинг шахси аниқланган.

Қофқозда Шайх Афанди ёки Афанди Чиркейский номи билан таниқли 74 ёшли уламо 28 август куни тушдан кейин Доғистоннинг Буйнакск туманидаги ўз уйида муридларини қабул қилаётган пайтда худкуш ҳужумчи аёл унга яқинлашган ва портловчи моддани ишга солган.

Оқибатда Шайх Афанди, уйда бўлган беш киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар яраланган.

Шайх Саид жасади қуёш ботгунча дафн этилган.

Унинг жанозасига бутун Қофқоздан ўн минглаб одамлар йиғилганлар.

Шайхнинг оламдан ўтгани муносабати билан Доғистонда мотам куни эълон қилинган.

Доғистон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, худкуш ҳужумчи аёлнинг узилган бошидан унинг кимлигини аниқлашга муваффақ бўлганлар.

Россия матбуоти аёлнинг номи Аминат Қурбонова экани ҳақида хабар қилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига кўра, Аминат Қурбонованинг миллати рус, у Ислом динини қабул қилганидан кейин шу номни олган.

Аминат Қурбонова жангарилардан бирининг рафиқаси бўлгани ва худкуш ҳужумчиларни тайёрлаш фаолиятига боғлиқ бўлгани учун унга қидирув эълон қилингани хабар қилинган.

Шайх Афанди Шимолий Қофқоздаги ҳурматли уламолардан бўлган.

Шайх Саид Ацаев Доғистондаги етакчи исломий уламолардан эди.

Шимолий Қофқоз Мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази Исмоил Бердиев, Шайх Афанди "Шимолий Қофқознинг энг ҳурматли одами эди", деб айтган.

Шайх Афандининг жонига "Ваҳҳобийлик" оқими тарафдорлари суиқасд уюштирган бўлишлари ҳақидаги тахминлар билдирила бошланган.

Диний идора вакилларидан бирининг айтишича, Шайх Афанди ўзининг Исломдаги экстремистик оқимларни қоралашлари билан танилган бўлган.

"Шайх экстремистик оқимларни очиқдан-очиқ қоралашлари билан ҳам, давлат билан диний ташкилотларнинг ҳамкорлик қилишларига чақириқлари билан ҳам машҳур мафкурачилардан эди. Бундай мавқеънинг ваҳҳобийларга ёқмаслиги тушунарли", деб айтган Чеченистон мусулмонлари диний идораси вакили.

Доғистон ҳуқуқ-тартибот органлари 2007 йилда ҳам Шайх Саид Ацаев жонига суиқасд олдини олганликлари ҳақида хабар қилган эдилар.

Охирги пайтларда Россиядаги исломий уламоларга ҳужумлар кўпайгани кузатилмоқда, охирги шундай ҳужумлар шу йилнинг 19 июлида Татаристон пойтахти Қозонда рўй берди.

Ўшанда Татаристон муфтийси Илдус Файзов автомобилига портловчи модда ўрнатилган, у портлашдан омон қолган бўлса-да, яраланган эди.

Айни ўша пайтда Диний идора раиси собиқ ўринбосари Валиулла Ёқубов ўлдирилган.

Шимолий Қофқознинг Доғистонидаги аҳвол ҳам тобора оғирлашаётгани кузатилмоқда.

Доғистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ёки ҳарбийларга қуроллилар ҳужум қилгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан жангарилар ўртасида жанглар юз бергани ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда.

2011 йилда икки таниқли имом Магомед Сайпулаев ва Сирожиддин Исрофилов, Махачқаладаги Диншунослик ва халқаро муносабатлар институти ректори Мақсуд Содиқов ўлдирилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.