BBC navigation

Усама бин Лодин қандай ўлдирилган эди?

Сўнгги янгиланиш 31 август 2012 - 17:27 GMT

Бин Лодин ўлими ҳақидаги китобда келтирилган маълумотлар расмий эълон қилинган тафсилотлардан тубдан фарқ қилади

"2011 йил май ойида Покистоннинг Абботободида "дунёнинг биринчи рақамли террористи" Усама бин Лодин ўлдирилди".

Энг шов-шувли китоблардан бирига айланиб улгурган "Осон бўлмаган кун" китоби Усама бин Лодинга қарши амалиётларда қатнашган Америка махсус хизматларининг собиқ ходими хотиралари асосида ёзилган.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг ёзишича, китоб "Ал-Қоида" раҳбарининг ҳаммага маълум этилган ўлими тафсилотларидан тубдан фарқ қилади.

11 сентябрда чиқиши мўлжалланган "Осон бўлмаган кун" китобининг нусхаси Ассошиэйтед пресс агентлигига етказилган.

Китоб муаллифининг ёзишича, бин Лодин дарҳол ўлдирилган. "Денгиз пиёдачилари" махсус бўлинмасининг жангчилари иккинчи қаватга кўтарилган пайтда ўз ётоқхонасидан чиққан бин Лодин отиб ўлдирилади.

Америка расмийлари айтишича, бин Лодин ётоқхонага яшириниш учун ҳаракат қилганида унинг қуролланишига имкон бермаслик учун отилган.

Китоб муаллифи ўзини Марк Оуэн тахаллуси билан тақдим қилган.

Бироқ бу китоб ҳақидаги маълумот чиққанидан бир неча соат ўтиб Fox News телеканали унинг ҳақиқий исмини эълон қилади.

АҚШ армияси вакиллари Пентагон ҳали бу китобнинг мазмунини ўрганиб чиқмаганини билдирган.

Одатда бундай текширувлар бирор-бир махфий маълумотлар чиқиб кетмаслиги учун ўтказилади.

11 сентябрда эълон қилиниши керак бўлган китоб тақдимоти унга нисбатан қизиқишнинг кучлилиги сабаб 4 сентябрга кўчирилган.

Ассошиэйтед пресснинг ёзишича, китоб муаллифи бин Лодин уйининг зинапояларидан кўтарилган иккинчи пиёдачи бўлган.

У иккинчи қаватга беш поғона қолганда юқоридан ўқ овози эшитилганини айтади.

Олдинда кетаётган махсус хизмат аскари эшикдан мўралаган кишига қарата дарҳол ўқ узган.

Бин Лодиннинг ётоғи деб кўрилган хонага "Денгиз пиёдачилари" ёпирилиб киришганда, уни ерда қонга беланиб ётган ҳолда кўришади.

Бошида ўқ тешган ёриқ кўриниб турарди, деб ёзади китоб муаллифи. Бин Лодиннинг ёнида йиғлаётган икки аёл қуролланган кишиларни кўриб четга чиқишганда, махсус хизмат жангчилари ҳали жони узилмаган бин Лодинга қарата яна ўқ ёғдиришади.

Собиқ жангчининг ёзишича, бин Лодиннинг ўлимидан сўнг унинг ётоғидан ишлатилмаган қурол топишади.

Барак Обама ҳукумати расмийларига кўра, "бин Лодин жангчиларга ҳақиқий хавф туғдиргачгина унга ўқ узишган".

Китоб муаллифининг ҳикояларига қаралса, бин Лодиннинг жасадини тикучарда олиб кетилаётганда, жой камлигидан жангчилардан бири унинг кўксига ўтириб олган.

Бу эса АҚШ расмийларининг "Ал-Қоида" раҳбарининг жасадига ҳурмат билан муомалада бўлинди, деган расмий хабарини бутунлай инкор қилади.

Китоб Dutton нашриётида босиб чиқарилади.

Нашриётнинг билдиришича, муаллиф қуролли кучлар сафида бошқа хизмат қилмайди. "У Америка ҳарбий тарихининг энг муҳим лавҳаларидан бири ҳақидаги ҳақиқатни ҳикоя қилиб бермоқчи холос".

Шунингдек, китоб босилишидан олдин махсус хизматларнинг собиқ юристи орқали текширилган.

Юристнинг китоб миллий хавфсизликка дахл қилмаслиги ҳақидаги фикридан сўнг, оммага ошкор этилган.

Пентагон вакилларининг айтишича, китоб ҳақидаги қарорни мамлакат Адлия вазирлиги қабул қилади.

Мабодо китоб муаллифи махфий маълумотни ташқарига чиқарганлиги маълум бўлса, у жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.