BBC navigation

Борис Березовский Роман Абрамовичга қарши маҳкамада ютқазган

Сўнгги янгиланиш 31 август 2012 - 14:57 GMT

Ҳакам Березовскийнинг жавобларидан қониқмаганлигини айтган


Лондон Тижорат маҳкамаси россиялик корчалон Березовскийнинг миллиардер Абрамовичга қарши бошлаган ишни унинг фойдасига ҳал қилмаган.

Борис Березовский "Челси" хўжайинини ўзаро ишонч ва шартномани бузганликда айблаган.

Унга кўра, 2000 йилда жаноб Абрамович "Сибнефт"нинг Березовскийга тегишли ҳиссаларини арзон нархда сотишга мажбур қилган.

Шунингдек, Березовский "Сибнефт" ва "Русал" учун Абрамович ўзига 6 миллиард доллар тўлаши кераклигини айтган.

Роман Абрамовичнинг билдиришича, Березовский ҳеч қачон бу ширкатларнинг ҳиссаларига эга бўлмаган.

Иккала бизнесмен ўртасида бирор-бир келишув шартномаси бўлмагани боис маҳкама Абрамович фойдасига қарор чиқарган.

Ҳакамга кўра, Березовскийнинг кўрсатмалари ишончли бўлмаган ва баъзи ҳолларда ёлғон ишлатган.

Ҳакам Элизабет Глостер "жаноб Березовский аниқ бир далил тополмай қолганда шу ернинг ўзидаёқ ёлғон гапиришга ҳаракат қилиб, ёлғонига ўзини ҳам ишонтиришга уринди" деб айтган Борис Березовский ҳақида.

Ҳакам Роман Абрамович ўзига берилган ишга боғлиқ барча саволларни эслаб қолишга урингани ва жавоблари билан ишончни қозонганини таъкидлаб ўтган.

Маҳкама залидан чиққан Березовский чиқарилган қарордан таажжубда эканлигини айтган ва Лондон Олий Маҳкамасини Москвадаги Басманний судига ўхшатган.

"Менда шундай тасаввур пайдо бўлдики, қарорга Путин имзо чекканга ўхшади",- деб айтган Березовский журналистларга.

Маҳкамада Роман Абрамовичнинг ўзи иштирок этмаган.

Бу маҳкама Лондонда россиялик корчалонларнинг бир-бирига қарши бошлаган ишларининг дастлабкиси ва охиргиси ҳам эмаслиги айтилади.

Сентябр ойида Михаил Черний ва Олег Дерипаска ўртасидаги пул можароси билан боғлиқ маҳкама иши давом эттирилади.

Кейинги "олигархлар можароси"нинг давоми деб айтилаётган ишда Борис Березовскийнинг Бадри Патаркацишвили қариндошига нисбатан аризаси кўриб чиқилади.

Бу маҳкамаларнинг қандай якун топишидан қатъи назар, россиялик бойларнинг Англия ғазнасига яхшигина пул олиб келаётганлиги ҳам назардан қочирилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.