BBC navigation

Покистонда масжид имоми Қуръонни ёқишда гумонланмоқда

Сўнгги янгиланиш 2 сентябр 2012 - 09:04 GMT
Насроний намойишчилари

Покистондаги насронийлар шаккокликда айбланган Римша ҳимоясига чиққанлар

Покистонда полиция бир масжид имомини насроний қиз сумкасига ёқиб юборилган Қуръон саҳифаларини солиб қўйишда айблаб, ҳибсга олган.

Римша исмли насроний қизига икки ҳафта муқаддам Қуръони Каримни ёқишга уриниш айблови қўйилган эди.

Ғазабланган оломон эса шаккоклиги учун уни жазолашни талаб қилиб келаётганди.

Аммо бир гувоҳ маҳкамага "имом Холид Чиштийнинг қизалоқ сумкасига ёқилган Қуръон саҳифаларини қўяётганини кўрдим," деб айтган.

Римша ёши 14га яқинлашган, аммо тиббий ташхисга кўра, у ақлий жиҳатдан ўсишда орқада қолган.

Шу ҳафта бошида маҳкама Римшанинг қамоқда қолиш муддатини яна икки ҳафтага узайтирди.

Унга нисбатан жиноий ишнинг очилиши дунё ҳамжамияти эътирозларини уйғотган.

Отаси Римша ҳаёти ва ўз оиласи хавфсизлигидан хавотирда эканини айтган ва Покистон президентидан уни авф этишни сўраган.

Римша оиласи билан бир маҳаллада яшовчи кўплаб насронийлар тартибсизликлар бошлангач, айбдорни жазолашни талаб қилган аҳолидан қўрқиб бошқа жойга кетишган.

Таҳдидлар туфайли Римша оиласи полиция ҳимоясига олинган.

Мухбирларга кўра, Покистон қонунлари шаккоклик учун оғир жазоларни тайинлайди.

Ўтган йили шаккоклик ҳақидаги қонунларни ўзгартиришни талаб қилган икки таниқли сиёсатчи ҳалок этилган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.