BBC navigation

‘Суриялик қочқинлар сони рекорд даражага етди’

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 13:05 GMT

БМТга кўра, бир ой ичида 100 минг суриялик ватанини ташлаб чиққан

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига қаралса, август ойида Сурияни 100.000 дан ортиқ одам ташлаб чиққан.

Можаролар бошланган шу йил март ойидан буён Сурияни бир ойнинг ўзида бунча катта сондаги одам тарк этмагани айтилади.

Халқаро ташкилот вакиласига кўра, “уларнинг барчаси қўшни давлатлардан бошпана топишган”.

Қочқинлар сонининг ошиши Халқаро Қизил Хоч Ташкилоти раҳбари Питер Маурер президент Башар ал-Ассад билан Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказиш билан боғлиқ инқирозни муҳокама этиб олган бир манзарада кузатилмоқда.

Дейлик, шу кунларда қуролли низоларга саҳна бўлаётган Алеппонинг муайян қисмларига кириш умуман имконсиз экани боис, вилоятда бор бўлган захираларнинг ҳам таги кўриниб қолмоқда.

Хабарларга кўра, бугун Алеппода яна беш киши ўлдирилган, бир кун аввалги ҳаво ҳужумларида эса, камида 25 киши қурбон бўлганди.

Мухолифат фаолларининг айтишларича, Сурия Қуролли кучлари бугун тонгда шимолий Алеппо вилоятини замбараклардан ҳужумга тутишаркан, катта сондаги одамларга тан жароҳати ҳам етган.

Аён бўлишича, Сурия ҳарбийлари 10 кун ичида Алеппо назоратини ўз қўлларига олишга аҳд қилишган.

Аввалроқ пойтахт Дамашқ, энди эса, Алеппода жангларнинг оловланиши Сурияда қочқинлар инқирозини янада кучайтирган.

Агар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига қаралса, шу пайтгача жаъми қочқинларнинг сони 235.000 кишидан ортган.

Хавфли вазият

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, қочқинлар сони кўплигидан ёрдам ташкилотлари етарлича жамлоқлар тиклай олишмаётир ва шу боис ҳам, вазиятнинг издан чиқиб кетиши хавфи пайдо бўлган.

Улар бутун Сурия бўйлаб озиқ-овқат ва бошқа кўмакларни тарқатиш режасида эканликларини ҳам маълум қилишган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Пекиндаги музокаралари арафасида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Сурия инқирозига сиёсий ечим топишнинг муҳимлигини урғулаган.

Хитой ва Россия Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашининг Сурияга оид қатор резолюцияларига вето қўйишган.

Мухолифатдаги Сурия Миллий Кенгаши халқаро ҳамжамиятни Сурия инқирозига ҳарбий йўл билан барҳам беришга ундаб келади.

Пекин эса, бу каби амалга буткул қарши эканини айтади.

Суриядаги мухолифат фаолларининг ҳисоб-китобларига кўра, биргина ўтган ойнинг ўзида мамлакатда 5.000 дан ортиқ киши ўлдирилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.