BBC navigation

'Мен қизларимни 3 АҚШ долларига сотганим йўқ...'

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 14:10 GMT

Матбуотдаги хабарларда Пурниманинг ўз қизларини бор-йўғи 3 АҚШ долларига сотиб юборгани айтилганди

Ҳиндистонлик бева аёлнинг айтишича, боқолмагани сабаб, уч қизини бировларга бериб юборишга қарор қилган.

Матбуотдаги хабарларда эса, Пурниманинг ўз қизларини бор-йўғи 3 АҚШ долларига сотиб юборгани айтилганди.

35 ёшларда бўлган аёлгина, ҳатто, ўзининг қачон туғилганини ҳам билмайди. Аммо, унга кўра, ҳаёти осон бўлмаган.

Пурниманинг айтишича, қизларининг бошига ҳам ўзи кўрган қора кунлар тушмаслиги учун унча-мунча онанинг юраги дош бермайдиган бир қарорга келади.

Менга болаларини қандай қилиб бегоналарга бериб юборганини айтар экан, ҳатто, овози ҳам титрамайди.

Мен ундан матбуотда чоп этилган хабарлар ҳақида сўрарканман, Пурниманинг оҳанги бирдан ўзгаради.

"Мен ҳеч қачон ўз боламни сотмайман ва бундай қилмаган бўлардим. Мен рисоладагидек едириб, ичиришлари, тарбиялашлари учун уларни яхши оилаларга бердим", дейди у.

Матбуотда чоп этилган хабарлар ортидан, масъуллар бу ишга аралашиб, Пия, Саприя ва Романи ойисига қайтаришга муваффақ бўлишади.

Ҳозир тўрттовлон Калькутта яқинидаги Бижойганжда ташкил этилган бошпанада яшашади.

Аммо мен аҳволи қанчалик ночор бўлганига қарамай, бу аёлнинг болаларини бегоналарга ўз қўллари билан бериб юборганига ҳеч ишонгим келмайди.

'Энг ёмон қарор'

Ҳозир тўрттовлон Калькутта яқинидаги бошпанада яшашади

100 дан ортиқ хотин-қиз ва ўттизга яқин болакайга ғамхўрлик қилаётган бошпана масъулларидан бўлган Аннапурна Гош эса, бу каби воқеалардан ҳайратланмаслигини айтади.

"Ҳаёт одамларни қандай куйларга солмайди. Пурнима чорасиз аҳволда бўлган. Шунинг учун ҳам унча-мунча онанинг кўнгли чидолмайдиган энг аянчли қарорга келган", дейди у.

Мен яна Пурнимани суҳбатга тортиб, кечмишлари билан қизиқаман.

У анча вақт миқ этмайди. Ҳаётини хотирасига жамлашга уринаркан, ичидаги оғриқ юзларига кўчади.

Пурниманинг айтишича, ўзидан анча ёши катта эркакка турмушга чиқади. Эри эса, ароқхўр экан.

"Мен ва болаларимнинг боши тинимсиз калтакдан чиқмасди", дейди у.

Охири бўлмагач, Пурнима қизлари билан уйидан бош олиб чиқиб кетади. Яқиндаги шаҳардан бошпана топади.

Аммо пули тугаб, у ерни ҳам тарк этишга мажбур бўлади ва чорасизликдан, болалари билан темир йўл бекатида яшай бошлайди.

Суҳбатдошимга кўра, шунда Гори Ҳолдер деган аёл келиб, Саприясини ўзларига беришини сўрайди.

Пурнима иложсизликдан унинг таклифини қабул қилганини айтади.

Эртаси куни эса, қолган икки қизини ҳам бегоналарга бериб юборади.

"Қизларинг роса йиғлашгандир?", деган саволимга, "Йўқ", деб жавоб беради.

"Иккита катта қизим ғинг ҳам дейишмади. Аммо кичкинасини ўйин, деб алдадик", дейди у.

Қизларини бировлар олиб кетгач, Пурнима Калкуттага кетиб, бир меҳмонхонага идиш-товоқ ювувчи бўлиб ёлланади.

Аммо касал бўлиб қолгач, яна платформага қайтишга мажбур бўлади. Бу ерда эса, уни ўз болаларини сотганликда айблашади.

Одам савдоси

Қизлар яна ярим йилгача оналари билан яшашга имконли бўлишди

Ғарбий Бенгалнинг чекка қишлоқ ҳудудларида одамларнинг ноқонуний савдоси кенг тарқалган.

Маҳаллий мулозимлардан бири Рахибур Раҳмон, "Ҳиндистоннинг қашшоқ минтақалари бўйлаб сафар қиларкан, ота-оналари, ҳатто, 12 ёшли болаларини ҳам сотиб юборишаётганига гувоҳ бўлгани"ни айтади.

Унга кўра, улардан аксарияти ўз ҳаётларини фоҳишахоналарда якунлашади.

Мен мулозимдан, "Пурнима ҳам болаларини сотганми?", деб сўрайман. У ҳеч иккиланмай, "Йўқ", дейди.

"Агар у қизларини сотиб юборган бўлганида, биз уларни ҳеч қачон тополмасдик. Улар изсиз бедарак кетишарди".

Мен Пурнима билан учрашган чоғимда, негадир қизларига кўзим тушмади.

Аён бўлишича, масъуллар уларни ўзлари билан бирга олиб кетишибди.

Аммо кечга яқин Болаларнинг Ҳуқуқларини Ҳимоя этиш қўмитасидан ижобий хабар келади.

Қизларнинг яна ярим йилгача оналари билан яшашларига рухсат беришибди.

Мен уларнинг ичидан энг гапдони бўлган Саприядан, "Хурсандмисан?", деб сўрайман.

"Мен ўз оиламни жуда яхши кўраман. Ойим ва сингилларим билан бирга бўлишга нима етсин", дейди у.

Лекин Пурниманинг бунга ишончи комил эмас. Унинг айтишича, қизлари яхшироқ ҳаётга лойиқ.

Бу ерга келишимдан аввал агар ортида пул турмаган бўлса, қайси она ўз хоҳиши билан боласини бировга беради, деб ўйлагандим.

Аммо, ортга қайтарканман, негадир, Пурниманинг аҳволида бўлсам, мен ҳам шундай қилган бўлармидим, деган хаёлга бордим...

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.