BBC navigation

Шаҳзода Гарри Афғонистонда хизмат қилади

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 14:21 GMT

Шаҳзода Гарри бундан олдин ҳам Афғонистонда хизмат қилган

Қиролича Елизаветанинг невараси "Апач" тикучарининг сардори сифатида Афғонистонда ҳарбий хизматини бошлаган.

Британия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, шаҳзода Гарри тўрт ой мобайнида Афғонистонда жанговор ҳаракатларни олиб боради.

Шаҳзода Гарри пайшанба кечқурун Ҳелманд вилоятидаги Британия кучларига қарашли Кэмп-Бастион ҳарбий базасига етиб борган.

Отаси ва акасидан кейин Британия тахтига даъвогар шаҳзода Гарри Толибонга қарши жангларда иштирок этади.

Шу мақсадда йил бошида Британия ва Америкада ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, "Апач" тикучарининг учувчиси мақомига эга бўлган.

2007-2008 йилларда шаҳзода Гарри Ҳелманд вилоятида 10 ҳафта давомида ҳарбий хизматни ўтаган. Унинг Афғонистонда эканлиги матбуотга чиқиб, кўпчиликка ошкор бўлганидан сўнг Британияга қайтарилган эди.

Шаҳзода Гарридан олдин қироллик оиласидан охирги марта унинг амакиси шаҳзода Эндрю Фолкленддаги жанговор ҳаракатларда қатнашган.

Британия Мудофаа вазирлигига кўра, "Апач" тикучарлари яхши ҳимояланган.

Толибон "Апач" тикучарлардан бирини уриб туширганини айтган.

Бироқ Британия кучлари Афғонистонда мавжуд 67 та тикучарларидан ҳали бирортасини йўқотмаган.

"Апач" тикучарининг асосий мақсади танкларни топиш ва уларни йўқотиш ҳисобланади.

Тикучарлар ракета, реактив снаряд ва пулемётлар билан қуролланган.

Афғонистондан Британия қўшинларини олиб чиқилиши олдидан шаҳзода катта куч билан Афғонистонга қайтгани хабар қилинган.

Британия Мудофаа вазирлиги айтишича, Уэльс шаҳзодасига яратилган шароитлар унинг хизматдошлариникидан унчалик ҳам фарқ қилмайди.

Шаҳзода бир хизматдоши билан бирга юк контейнерида яшаши белгиланган.

Ҳарбий базада капитан Гарри спиртли ичимлик ичиши мумкин эмас, бўш вақтида футбол, бильярд ва стол тенниси ўйнаб дам олса бўлади.

Август ойи охирида Sun рўзномасида шаҳзода Гаррининг Лас Вегасдаги дам олишда тушган сурати турли фикр-баҳсларга сабаб бўлган эди.

Гаррининг ҳимоячилари бу каби суратларнинг босилишини унинг шахсий ҳаётига дахл қилиш деб огоҳлантирганлар.

Шаҳзода Гарри бувиси қиролича Елизавета 2 номидан ҳам турли расмий тадбирларда қатнашиб келади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.