BBC navigation

Ўринбой Усмон нуфузли Ҳелман-Ҳаммет мукофотига сазовор топилган

Сўнгги янгиланиш 10 сентябр 2012 - 14:05 GMT

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари маҳкамага тортган Би-би-си мухбири, таниқли ўзбек ёзувчиси Ўринбой Усмон халқаро Human Rights Watch ташкилотининг Ҳелман-Ҳаммет мукофотига муносиб топилган.

Ҳелман-Ҳаммет мукофоти жаҳон бўйлаб ўзининг ижодий фаолияти ортидан таъқибга учраган адибларга тақдим этилади.

Ушбу нуфузли мукофот америкалик таниқли драматург Лиллиан Ҳелман ва носир Дашиэл Ҳаммет номлари билан аталган.

Икки ижодкор Америка Қўшма Штатларида 1950 йилларда аксилшўро кампаниялари бошланган пайтда сўроқларга тутилганлар, ўзларининг сиёсий қарашлари ва эътиқодлари борасида АҚШ Конгресси савол-жавобларига чақирилган эдилар.

Лиллиан Ҳелман истагига кўра, жаҳондаги ўз сиёсий қарашлари ифода этганлари ортидан таъқибга учраган ёзувчи-шоир ва журналистларни 1989 йилдан Ҳелман-Ҳаммет мукофоти билан тақдирлаш бошланган.

Ҳелман-Ҳаммет таъсис этилганидан буён дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан бўлган 700 дан зиёд қалам соҳиби ушбу мукофотга сазовор бўлганлар.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон 2011 йилнинг 13 июн куни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут Таҳрир" диний ташкилотига аъзолик айби билан ҳибсга олинганди.

Аммо мазкур айблар ўз исботини топмагач, ушбу фирқага алоқадорлик айби билан маҳкамага тортилди.

Унинг ҳибсга олиниши халқаро миқёсда кескин қораланди.

Би-би-си корпорацияси ўз ходимига қўйилган айбловларнинг мутлақо асоссиз эканини урғулади.

Дастлабки тергов чоғида Ўринбой Усмон қийноққа тутилгани аён бўлди.

2011 йил октябрида Хўжанддаги маҳкамада Би-би-си мухбирининг айбсизлиги исботланган.

Бутун маҳкама жараёни Ўринбой Усмоннинг бегуноҳлигини яққол кўрсатган, буни иштирокчилар ҳам ва ҳатто бир маънода хавфсизлик ходими - Хуршид Досов ҳам ҳибсга олишда биздан хато ўтган қабилида эътироф этган.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова айблов томонининг ўз мижозига нисбатан илгари сураётган барча айбловларини бирма-бир рад этган.

Бундан роппа-роса бир йил олдин Ўринбой Усмон Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Тожикистондаги "Медиа Алянс" ташкилотлари биргаликда таъсис этган "Журналистикада устивор мавқеи" учун деб номланган мукофоти билан тақдирланган эди.

60 ёшли Ўринбой Усмоннинг насрий асарлари тўпланган "Спитамен қотили", "Кўргилик", "Синчли уй" ва "Анқонинг уруғи" китоблари нашр этилган.

Адиб "Осмондан тушган одам", "Қари қиз" ва "Муқаддас" драмаларининг ҳам муаллифидир.

Ўринбой Усмон қатор рус, булғор адабиёти асарларини ўзбек тилига таржима қилган, у охирги йилларда асосан тожик адабиёти намуналарини ўзбекчалаштирмоқда.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.