BBC navigation

'Усама бин Лодин ўлимида менинг иштироким йўқ'

Сўнгги янгиланиш 11 сентябр 2012 - 09:53 GMT

Шифокорнинг айтишича, Усама бин Лодиннинг ўлими ортидан қочиб қолиш деган нарса хаёлида ҳам бўлмаган

Америкаликларга Усама бин Лодинни топишда ёрдам берган покистонлик шифокорнинг айтишича, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ўлдирилишига алоқадор эканидан буткул бехабар бўлган.

Усама бин Лодин ўтган йил май ойида Покистоннинг Абботобод шаҳридаги вилласида АҚШ махсус кучлари томонидан уюштирилган рейд чоғида отиб ўлдирилганди.

Ҳибсга олиниши ортидан шифокор Шакил Афридий билан илк бор Американинг Fox News телевизион тармоғи суҳбатлашишга муваффақ бўлган.

Шифокорнинг айтишича, Усама бин Лодиннинг ўлими ортидан қочиб қолиш деган нарса хаёлида ҳам бўлмаган.

Унга кўра, шу боис ҳам Покистон Жосуслик Хизмати ходимлари ўзини осонлик билан қўлга киритишган.

Шакил Афридийнинг айтишича, ҳибсда экани чоғида ўзини қийноқларга солган Покистон Жосуслик Хизмати АҚШни энг ашаддий душмани сифатида кўради.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Fox Newsнинг Пешовар шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган шифокор билан қандай қилиб суҳбатлашишга муваффақ бўлгани маълум эмас.

Шифокорнинг роли...

Даъволарга кўра, Усама бин Лодин оиласи ДНК намуналарини қўлга киритиш учун шифокор сариқ хасталигига қарши сохта эмлаш амалиётидан фойдаланади.

Аммо шифокор шу йилнинг май ойида жангари гуруҳни молиялаш ва дастаклаш айби билан 33 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Кўпчилик эса, маҳкама айбловларига ишонмай, шифокор Америка Жосуслик Хизматига кўмак бергани учун бунчалик жазоланди, деган хаёлга боради.

Шакил Афридий билан суҳбат Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган ҳужумларнинг 11 йиллик санаси арафасида чоп этилган.

Худди шу манзарада "Ал-Қоида" тармоғининг жорий раҳбари Айман ал-Завоҳирий яна бир юқори мартабали аъзолари Абу Яхё ал-Либийнинг шу йил бошида Покистоннинг қавмлар яшовчи ҳудудида АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлаб чиққан.

Ўз ўрнида, биродари Муҳаммад Американинг CNN телеканалига унинг Ғарб ва Исломчилар ўртасида тинчлик музокараларига воситачилик қилишга ҳозир эканини билдирган.

14 йил умрини Мисрдаги қамоқхонада ўтказган Муҳаммад Завоҳирий янги ҳукуматни ҳурмат қилиши, аммо ғоявий жиҳатдан акасига яқин туришини ҳам таъкидлаб ўтган.

"Худди итга ўхшаб"

Пешовар Марказий қамоқхонасидан туриб сўзларкан, шифокор Шакил Афридий Америка Жосуслик Хизмати Усама бин Лодиннинг изига тушганлигидан бехабар бўлганини айтган.

"Менга топиширилган вазифадан бўлак, уларнинг аниқ мақсадлари менга қоронғу эди", деб айтган у.

Жаноб Афридийга кўра, вилладан қандайдир террорчилар бошпана топишган, деб ўйлаган.

"Мен айнан ким эканини билмаганман. Эшитиб, шокка тушиб қолдим. Мени Усама бин Лодиннинг ўлимига алоқадор кўришганида, бунга, ҳатто, ақлим ҳам бовар қилмади", дейди у.

Шифокорнинг айтишича, Америка Жосуслик Хизмати ўзига Покистондан Афғонистонга чиқиб кетишни маслаҳат берган.

Аммо, унга кўра, аввалига вазият беқарор бўлгани учун ўзаро чегарани кесиб ўтишга қўрққан.

Иккинчидан, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ўлимига ўзимнинг ҳеч бир алоқам йўқ деб ўйлаганман, дейди шифокор.

Дарз кетган алоқалар

Усама бин Лодиннинг ўлимидан 20 кун ўтиб, шифокор ўтган йилнинг 22 май куни Ҳаётобод назорат нуқтасида қўлга олинади.

Шифокорнинг айтишича, шундан сўнг Покистон Жосуслик Хизматининг пойтахт Исломободдаги қароргоҳи остидаги ертўлада тутиб турилади.

Унга кўра, ертўлада саккиз ой кўзлари боғлиқ, бир йил эса, қўллари кишанланган ҳолда сақланган.

"Аҳволим сабаб, овқатни тиз чўкиб, худди итга ўхшаб ейишимга тўғри келарди", дейди у.

Шифокорнинг айтишича, тергов чоғида ўзини қийноққа солишган, сигарет чўғи билан танасини куйдиришган, электр токи қўллашган.

Унга кўра, ўзи билан учрашишга келган Америка Жосуслик Хизмати ходимларига ҳалақит беришлари учун бошқа маҳбусларни ишга солишган.

Шифокорнинг айтишича, буни ўша маҳбусларнинг ўзлари унга гапириб беришган.

Расмий Исломобод Усама бин Лодиннинг ўлдирилишини ўз суверенитетига дахл этилиши сифатида талқин этганди.

Йилларки "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарини яшириб келишини рад этиб келган Покистон ҳукумати юз берган ҳодиса ортидан жуда хижолатли аҳволда қолган ва АҚШ билан дипломатик алоқаларига ҳам жиддий дарз етганди.


Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.