BBC navigation

АҚШ элчихоналари аксил-Америка намойишлари олдидан ҳушёр тортган

Сўнгги янгиланиш 14 сентябр 2012 - 10:44 GMT

Намойишлар Миср ва Ливиядан Тунис, Марокаш ва Яманга ҳам тарқаган.

Америкада Исломни ҳақорат этувчи фильм ишланишига жавобан ғазаб ошиб борар экан, Америка Қўшма Штатларининг мусулмон давлатларидаги элчихоналари ўта ҳушёр тортган.

Жума намози ортидан яна кўпроқ аксил-Америка намойишлари бўлиб ўтиши кутилади. Миср пойтахти Қоҳирада полиция АҚШ элчихонаси яқинидаги 500 нафарча намойишчиларга қарата кўзни ёшлантирувчи газни қўллаган.

Сешанба куни намойишчилар Ливиянинг Бинғози шаҳридаги АҚШ консуллигига бостириб кириб, элчи ва уч ходимни ўлдиргандилар.

Шу ҳалокатдан бери нотинчликлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйлаб тарқалган.

Қоҳирада намойишчлар АҚШ элчихонаси ёнидан Таҳрир Майдонига ҳайдалганлар. Би-би-сининг Қоҳирадаги муҳбири Жон Лайн норозилик кайфияти сезилиб турганини айтади.

Элчихона атрофидаги кўчалар симтўр, бетон блоклар ва полиция машиналари билан тўсиб қўйилган.

Исломий ва бошқа гуруҳлар шаҳар бўйлаб тинч "миллионлар юриши"ни ўтказишга чақиргандилар, бироқ бу гуруҳларнинг баъзилари бугун ўз чақириқларини бекор қилганлар.

Президент Муҳаммад Мурси аъзоси бўлган Мусулмон Биродарлар юришлар ва масжидлар олдида ўтиришлар уюштиришини эълон қилган, бироқ улар АҚШ элчихонаси ташқарисида бўлмайди.

Президент Барак Обама хориждаги АҚШ фуқароларини ҳимоя қилиш йўлида барча зарур чораларни кўришини айтган ва бошқа ҳукуматларни ҳам уларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган.

Федерал тергов бюроси ва АҚШ Ички ишлар вазирлиги чиқарган огоҳлантиришда "фильм тобора кўпроқ диққатни ўзига тортар экан, АҚШ ичида ва хорижда хавф даражаси ўсиши мумкин"лигини айтган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун фильмни ва зўравонликларни қоралади.

"Бундай қотилликлар ва ҳужумларга ҳеч нима асос бўла олмайди. Нафратомуз фильм атайлаб тоқатсизлик ва қон тўкилишини келиб чиқаришни мақсад қилиб олган кўринади", - деди у ўз баёнотида.

Ливия Бош Вазири Мустафо Абу Шақур Би-би-сига АҚШ консуллигига уюштирилган ҳужум Ливия-Америка муносабатларига шикаст етказишини истамаслигини айтди.

Бинғозида Ливия ва АҚШ расмийлари оғир қуролланган жангарилар намойишдан аввал яхши тайёрланган ҳужум учун баҳона сифатида фойдаланган бўлиши мумкинлигини тергов қилишмоқда.

Ливия расмийлари қатор шахслар ҳисбга олингани ва ҳужумни уюштириш гумони билан сўроққа тутилаётганларини билдиришди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.