BBC navigation

Афғонистон: НАТО ҳаво ҳужумлари 8 аёлнинг умрига зомин бўлди

Сўнгги янгиланиш 16 сентябр 2012 - 12:10 GMT

Афғонистон шарқида жойлашган Лағмон вилоятида НАТО кучлари тарафидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари камида 8 аёлни нобуд қилган.

НАТО 30 исёнкорни ўлдирганини айтган, аммо улар билан бирга тинч фуқаролар ҳам ҳаётдан кўз юмгани бўлиши мумкинлигини тан олган.

Мухбирларга кўра, ҳаво ҳужумлари марказий ҳукумат қўли етиши мушкул бўлган чекка ҳудудда амалга оширилган.

Сал олдинроқ, Зобул вилоятида НАТО махсус кучларидан 4 нафари ўлдирилгани хабар қилинганди.

Аскарлар афғон полицияси томонидан ҳалок этилгани гумон қилинмоқда.

Агар ҳужумчилар полиция ходимлари экани тасдиқланса, бу билан жорий йил "ички ҳужумлар" натижасида ҳалок бўлган НАТО кучлари сони 51 нафарга етади.

'Ўтин териб юришган'

Лағмон маҳаллий расмийларининг Би-би-сига айтишларича, НАТО ҳаво ҳужуми 8 аёлнинг умрига зомин бўлган.

Вилоят кенгаши аъзоси Гулзор Сангарвол 9 киши ўлганини айтади.

АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари воизига кўра, ҳужум туфайли 5-8 оддий фуқаро ҳам нобуд бўлган бўлиши мумкин.

Воизнинг Би-би-сига билдиришича, АЙЭСАФ аниқ нишонга урувчи бомбалар билан Толибон жангчиларини нишонга олаётган бўлган.

У ҳаво ҳужумлари исталмаган ҳолда тинч аҳоли вакилларининг умрига зомин бўлган бўлиши мумкин.

Лағмон ҳокимлигига кўра, одамлар тоғларга ўтин ва ўрмонга ёнғоқ териш учун чиқишган бўлган.

Мухбирларнинг хабар қилишларича, тоғли ва дарахтзор минтақалар Толибон ва бошқа исёнкорлар яшириниши учун қулай ҳисобланади.

Оддий фуқаролар ўлими Афғонистонда ўта нозик масала бўлиб, бир неча бор Қўшма Штатлар ва Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ўртасидаги тарангликка сабаб бўлган.

Август ойи БМТ 2012 йилнинг биринчи ярмида тинч аҳоли вакиллари орасида берилган қурбонлар ва яраланган борасида рақамларни тақдим қилганди.

БМТга кўра, ушбу сони 2011 йилнинг айни шу даврига қараганда 15 фоизга тушган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.