BBC navigation

Ислом мазах қилинган видеога қарши норозилик намойишлари давом этмоқда

Сўнгги янгиланиш 17 сентябр 2012 - 10:58 GMT
Афғонистон

Афғонистонда намойишчилар автомобиллар ва ғилдиракларни ёқиб юборишган

Покистон шимол-ғарбида Америкада ишланган Исломни мазах қилувчи филмга қарши ғазабнок намойишларнинг навбатдаги тўлқинида бир инсон отиб ўлдирилган.

Афғонистон пойтахти Кобулда эса, мингга яқин намойишчи автомобилларни ёқиб юборган ва полицияга қарата ўқ узган.

Мазкур норозилик чиқишлари чоғи 40-50 полиция ходими тан жароҳати олган, улар орасида Кобул полиция хизмати бошлиғи Аюб Солонги ҳам бор. У намойишларни шундай тасвирлайди:

"Норозилик чиқиши иштирокчилари полицияга тош отишди. 40-50 нафарча полиция ходими енгил жароҳат олди. Аммо, полиция намойишлар кенг кўламда ёйилишини олдини олишди. Норози оламон контейнерлар ва полиция автомобилларига ўт қўйди", - дейди Аюб Солонги.

"Мусулмонларнинг гуноҳсизлиги" деб номланган қўлбола видеога норозиликлар кўплаб мусулмон давлатларда давом этмоқда.

Норозилик чиқишлари тарихчаси

11 сентябр: Қоҳирадаги АҚШ элчихонаси ҳужумга тутилди; ғазабнок намойишчилар Америка баёроғини юлиб олишган; Ливиянинг Бенғози шаҳрида Қўшма Штатлар консуллигига қарши ҳужумлар амалга оширилган; АҚШ элчиси Крис Стевенсон ва яна 3 дипломат ўлдирилганди.

12 сентябр: АксилАМерика намойишлар қатор Араб давлатларида бўлиб ўтди.

13 сентябр: Ғазабнок оламон Яман пойтахти Санода АҚШ элчихонага бостириб киришган, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар келиб чиққан. Қоҳирада намойишлар зўравон тус олган.

14 сентябр: Норозилик намойишлари дунё бўйлаб ёйиларкан, камида 7 инсон нобуд бўлган.

15 сентябр: Толибон НАТОнинг Афғонистондаги Кемп Бастион базасини ҳужумга тутган; денгизчи кучлардан 2 нафари ўлдирилган.

16 сентябр: Покистонда намойишчилар ва полиция тўқнашаркан, камида бир инсон ҳаётдан кўз юмган; Оврўпонинг айрим пойтахт шаҳарларида ҳам намойишлар ташкил этилган. Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насрулло Ливанда бир ҳафталик норозилик чиқишлари ташкил этишга чақирган.

17 сентябр: Норозилик чиқишлари Афғонистонда ҳам ўт олган; Кобулда полиция бошлиғи тан жароҳати олган.

Индонезия пойтахти Жакартада юзлаб намойишчилар Америка элчихонасини қўлбола бомбалар ва тошлар билан нишонга олишган, АҚШ байроғини ёндиришган.

Мухбиримизга кўра, намойишчилар Қўшма Штатлар элчихонасига киришга уринишмаган, аммо аксилАмерика шиорларни айтиб қичқиришган.

Хабарларга кўра, уларнинг кўплари қаттиққўл Исломий гуруҳлар тарафдорларидир.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ва бир қатор одамларни ҳибсга олган.

Би-би-сининг Жакартадаги мухбирига кўра, тошдан жароҳат олган бир полиция ходими шифохонага олиб кетилган.

Ливанда Ҳизбуллоҳ раҳбари Шайх Ҳасан Насруллоҳ бир ҳафталик норозиликларга чақирган. Унга кўра, намойишлар фақат АҚШ элчиликларига қаратилмаслиги лозим.

У мусулмонларни Араб ва Ислом дунёси ҳукуматларга филмни қоралаш учун босим ўтказишга чақирган.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муйрга кўра, Ҳасан Насруллонинг чақириғига жавобан ташкил этиладиган намойишлар йирик бўлиши кутилади, аммо зўравон тус олмаслиги мумкин.

"Ҳизбуллоҳ тарафдорлари тартибли ва Ҳасан Насрулло уларга қонун доирасида амал қилишни айтган", - дейди мухбиримиз.

Яман пойтахти Санода юзлаб талабалар Қўшма Штатларнинг Ямандаги элчисини мамлакатдан чиқариб юборишга чақиришган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.