BBC navigation

Россияда АҚШнинг USAID халқаро ривожланиш агентлиги фаолияти тақиқланди

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 11:49 GMT

Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнотида айтилишича, USAID мамлакатдаги сиёсий жараёнларга таъсир қилишга уринган.

Ташқи Ишлар Вазирлиги вакили Александр Лукашевичнинг айтишича, агентликка шу йил 1 октябрига қадар Россиядаги ҳамма оффисларини ёпиш учун мухлат берилган.

Вазирликка кўра, USAID агентлигининг фаолияти, айниқса Шимолий Қофқоздаги амаллари жиддий саволларни туғдирган ва бу борада америка томонига бир неча бор айтилган.

Россия ҳуқуқ фаолларига кўра, америка ёрдам агентлигининг ёпилиши хавотирли ҳодисадир.

Фаолларга кўра, USAID кўплаб ноҳукумат ташкилотларига молиявий ёрдам кўрсатиб келарди ва эндиликда лойиҳалар учун маблағ топиш анчайин қийинлашади.

USAID демократик жараёнлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги лойиҳалардан ташқари ОИДС ва сил касаллигига қарши кураш, атроф муҳитни сақлаш, ногиронларга ёрдам билан боғлиқ лойиҳаларни ҳам қўллаб келган.

АҚШнинг халқаро ёрдам агентлиги USAID 1961 йили Жон Кеннеди томонидан ташкил этилганди.

Россияда агентлик 1992 йилдан бери фаолият қилиб келган. USAID жаҳон бўйлаб 100 дан ортиқ давлатда иқтисод ва демократиянинг ривожланиши, соғлиқни сақлаш, можароларнинг олдини олиш ва фавқуллода ёрдам кўрсатиш соҳаларида кўмак кўрсатади.

Жаҳон бўйлаб лойиҳаларни қўллаб қувватлаш учун USAIDга йилига АҚШ федерал бюджетининг 1 фоизи ажратилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.