BBC navigation

Ливиялик бойваччалар суриялик қочқин қизларни ҳол-жонларига қўйишмаяпти

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 11:54 GMT

Ливияга қочиб ўтган суриялик қочқинлар яшаш шароитларининг оғирлиги сабаб, ёш-ёш қизларини маҳаллий бойларга беришга мажбур бўлишмоқда экан.

Суриялик қочқинларнинг айтишларича, ливияликлар эшикларини қоқиб, айниқса, вояга етмаган қизлари бор-йўқлигини суриштиришни одат қилишган.

Аҳмад Атраш Ливиянинг иккинчи йирик Бенғози шаҳридан бошпана топган юзлаб суриялик қочқинлардан бири. У оиласи билан бирга Суриядаги қонли низолардан қочиб, бу ерга келган.

Ливиялик эркакларнинг суриялик ёш-ёш қизларга кўз тикаётганликларини кўриб, Аҳмад ҳамюртларининг бойлиги учун уларга турмушга чиққанларидан кўра, кўчаларда тиланчилик қилганликларини кўрсам афзал эди, дейди.

"Бенғозига келганимга икки ой бўлди. Ўтган ой бир эркак эшигимни қоқиб, пул эвазига ўзига турмушга чиқишини сўраб, қизим ёки синглим борлиги билан қизиқди. Мен эса, кулиб юбордим-да, икки яшар қизалоғим бор дедим", дейди Аҳмад.

"Унинг жаҳли чиқиб кетганди, "Худодан қўрқ! Биз сенинг юртингга таҳқирлашлари учун эмас, паноҳ излаб келдик, деб жавоб қайтардим", дея сўзларида давом этади у.

Дамашқда тархчи бўлиб ишлаган 38 ёшли Аҳмад ҳозир Ливияда дурадгорлик қилади.

Икки фарзанднинг отаси. У суриялик қочқин оилалар ночорликдан ўз қизларини ливиялик бойваччаларга сотишга мажбур бўлишаётганидан фиғони фалакда эканини айтади.

"Улар бизнинг молиявий аҳволимиздан фойдаланиб қолишмоқчи. Чунки аксарият оилалар болаларига, ҳатто, дуруст-қуруқ овқат ҳам топиб беришолмайди", дейди у.

Сурия Инқилоб Уюшмаси вакилларидан бири ҳам, ёш-ёш қизларига уйланиш учун ливиялик эркаклар ўзидан суриялик қочқинларнинг қаерда эканликларини тез-тез сўраб туришларини айтади.

Бир ливиялик эркак эса, менга, ҳатто, "суриялик қизлар жуда чиройли бўлишади-да", ҳам дейди.

Бошқасининг айтишича, суриялик қочқин қизларга уйланиб, ливиялик эркаклар қалин пули балосидан қутулишади. Дейлик, ливиялик қизни оладиган бўлишса, унинг оиласи 19.000 АҚШ доллари миқдорида қалин пули сўраши мумкин экан.

Айрим мусулмон уламолари наздларида эса, ўзига тўқ одамнинг ночорига марҳамати қабилида бўлгани учун ҳам бу каби никоҳлар мақбулдир.

Маҳаллий имомлардан бири Ашраф Ал-Ақрабийнинг айтишича, "агар эркакнинг чўнтаги бақувват бўлса, ҳатто, хотин устига олаётган бўлса ҳам, бунга ўхшаш никоҳларнинг ножоиз ери йўқ".

"Агар ҳар икки томоннинг розилиги билан бўладиган бўлса, бу эркак киши учун фарздир. Биз ливияликларни бу каби ночор оилаларни ҳимоя қилишга ундашимиз шарт. Акс ҳолда қизлари фоҳишалик йўлини тутишга мажбур бўлишлари мумкин".

Бироқ уларнинг фикрларига буткул қўшилмаслигини айтган Аҳмаднинг наздида бу - "Замонавий қуллик".

Аҳмад Атраш ўзга юртлардан бошпана излашга мажбур бўлаётган суриялик хотин-қизларнинг номусларини ҳимоя этиш учун бу ҳақда очиқча гапиришга аҳд қилганини айтади.

"Башар ал-Ассад тўдаларининг жинсий зўравонликларидан қочиб келган суриялик хотин-қизлар энди дин номидан қилинаётган зўравонликларга дучор бўлишмоқда", дейди у.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.