BBC navigation

Афғонистонда ўлдирилган АҚШ аскарлари сони 2000га етди

Сўнгги янгиланиш 30 сентябр 2012 - 08:33 GMT

Қўшма Штатлар ҳарбийлиги Афғонистонда икки мингинчи аскарини бой берган.

АҚШ аскари ва шартнома асосида хизмат қилган яна бир хорижлик мамлакат шарқида, афтидан, афғон хавфсизлик кучлари аъзоси тарафидан ўлдирилган.

Жорий йил "иттифоқчилар" орасидаги ҳужумлар сони кескин ортган ва ой ўрталарида коалиция қўшма ҳарбий амалиётларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганди.

Бироқ, Пентагон яқинда мазкур амалиётлар қайта йўлга қўйилганини маълум қилганди.

'Назорат нуқтасидаги можаро'

АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари воизига кўра, янги ўлим ҳоллари шанба куни Вардак вилоятда рўй берган.

Шартнома асосида хизмат қилган хорижликнинг қайси мамлакат фуқароси экани ҳали очиқланмаган.

Афғон расмийлари хорижийлар билан келишмовчилик Саидобод улусворлигида Афғон Миллий Армияси базаси яқинидаги назорат нуқтасида келиб чиққанини айтишади.

Вардак вилояти полиция хизмати бошлиғининг Би-би-сига айтишича, ҳодисада қатор афғон аскарлари ҳам ўлдирилган.

Вилоят ҳокимлиги воизи Шаҳидуллоҳ Шаҳиднинг матбуотга билдиришича, афғон аскарларидан бири қуролини америкалик сафдошларига тўғирлаб ота бошланган.

"Дастлабки хабарлар афғон армияси аскарлари ва америкаликлар ўртасида тушунмовчилик келиб чиққанига ишора беради", дейди у.

Дейли Телеграф мухбирининг маҳаллий одамлардан иқтибос келтирилишича, улар аҳоли турар-жойларида тинтув ўтказиш масаласида келишиша олмаган.

Ҳар икки томон ҳарбий расмийлари ҳодиса юзасидан текширув бошлашган.

Жорий йил иттифоқчи аскарлар қуролларини бир-бирларига тўғирлашлари оқибатида камида 52 хорижий аскар нобуд бўлган. Улардан ярми америкаликлардир. Бу рақам ўтган йил 35 нафарни ташкил этган.

Афғонистондаги Қўшма Штатлар ва НАТО кучлари бош қўмондони Генерал Жон Аллен мазкур ҳолатлардан ўта хафсаласи пир эканини билдирган.

Жорий ой юзлаб афғон аскарлари айни турдаги "ички ҳужумлар" боис ҳарбийликдан ҳайдалгани ва ё ҳибсга олингани маълум қилинган.

НАТО жанговор қўшинларини 2014 йил охирларида бутунлай олиб чиқиш режалаган.

Аммо, хориж аскарлари яна бир неча йиллар афғонлар билан бир сафда хизмат қилишлари ва уларни тайёрловдан ўтказишлари кўзда тутилган.

Мухбирларга кўра, агар ўз хорижий иттифоқчиларига қарши қуролларини тўғирлаётган афғон аскарлари сони ортиб борса, бу режа рўёбга чиқмаслиги мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.