BBC navigation

Гуржистон: Ҳар икки жамлоқ ҳам ғалаба даъвосида

Сўнгги янгиланиш 2 октябр 2012 - 07:16 GMT

Гуржистонда парламент сайлови

Гуржистон парламент сайловларида ҳам бошқарувдаги ва ҳам мухолифат партияси қўллари баланд келганини даъво этишмоқда.

Парламент сайловлари кеча душанба куни бўлиб ўтганди.

Дастлабки натижалар партиялар рўйхати бўйича берилган овозларда миллиардер Бидзина Иванишвили раҳбарлагидаги “Гуржистон орзулари” партияси яққол илдамлик қилаётганини кўрсатмоқда.

Аммо президент Михаил Саакашвилининг айтишича, унинг бошқарувдаги партияси мажоритар округлар бўйича овоз беришларда олдинда бормоқда.

Мамлакат парламентидаги 150 ўриндан 73 тасининг тақдирини ҳал этувчи ушбу округларда энг кўп овоз тўплашга муваффақ бўлган ягона номзод ғолиб чиққан саналади.

Бу галги парламент сайловлари президент Саакашвили учун ўзи қудратга келган 2003 йилдан буён энг катта синов экани айтилмоқда.

Сайлов якуний натижаларининг келаси бир неча соат ичида расман эълон этилиши кутилмоқда.

Гуржистон парламентидаги 77 ўриннинг тақдири пропорционал, қолган 73 тасиники округлар бўйича берилган овоз беришлар натижасида ҳал бўлади.

Овозларнинг 15 фоиздан ортиқроғи санаб бўлиниши ортидан, партиялар рўйхати бўйича “Гуржистон орзулари” 52.7% ва жаноб Саакашвилининг “Бирлашган Миллий Ҳаракат”и 42 % лик натижани қайд этиб туришибди.

‘Кўпчилик’

Президент Михаил Саакашвили парламент сайловлари ўзининг ғарбпараст ҳукумати ва Гуржистонда Россиянинг етакчилигига йўл очиб берувчи келажак ўртасидаги танлов эканини айтганди.

Миллиардер Иванишвили ўз бойлигини 90-йиллар бошларида Россияда орттирган.

Жаноб Саакашвили ҳукумати ва Россия орасидаги танглик 2008 йилда бўлиб ўтган қисқа қуролли уруш ортидан янада кескинлашган.

Ушбу қуролли низо натижасида гуржи қўшинлари Гуржистоннинг икки бўлгинчи минтақасини буткул тарк этишга мажбур бўлишганди.

Аллақачон байрам

Мухолифат ҳам ғалаба даъвосида

Сайлов шохобчалари ёпилиши билан, кеча тунда “Гуржистон орзулари” мухолифат партиясининг хушу хандон минглаб тарафдорлари пойтахт Тбилисида тўпланиб, шодиёналарни бошлаб юборишган.

“Биз ғолиб чиқдик. Гуржи халқи ғалаба қозонди”, дея хитоб қилган жаноб Иванишвили Гуржистон телевидениеси орқали қилган чиқишида.

Гуржистоннинг энг бадавлат одами парламентдаги жаъми 150 ўриндан 100 таси ўзларига насиб этишини ҳам даъво қилган.

Президент Саакашвили ҳам ўзининг телевизион чиқишида “пропорционал овоз беришларда мухолифат катта сондаги овозларни қўлга киритгани”ни тан олган.

Аммо, ўз ўрнида, гуржи раҳбари мажоритар овоз беришлар бўйича ғалаба ўзининг бошқарувдаги “Бирлашган Миллий Ҳаракат” партиясига насиб этганини ҳам қўшимча қилган.

Бошқарувдаги партиянинг ишонишича, бу тартибда овоз беришлар бўйича 73 ўриндан камида 53 тасининг тақдири ўзларининг фойдаларига ҳал бўлган.

Маҳбуслар можароси

Саакашвилига маҳбуслар можароси панд бердими?..

Гуржистон Марказий Сайлов Ҳайъатининг баёнотида айтилишича, парламент сайловларида 61 фоизга яқин одам иштирок этган ва овоз беришлар “жиддий қонунбузарликларсиз, тинч ва шаффоф бўлиб ўтган”.

Аммо, аввалроқ, “масъуллар аллақачон кўплаб қаллобликларга қўл уришгани”ни айтиб, миллиардер Иванишвили овоз беришдан бош тортган ва ўз норозилигини шу йўл билан ифодалашга ҳам уринганди.

Гуржистондаги Би-би-си мухбирининг айтишича, катта сондаги овозларни олишга муваффақ бўлмаган эса-да, бошқарувдаги партия яна қудратга қайтиши ва мухолифат ўзини алданган санаб, оммавий намойишлар ҳам бошланиб кетиши мумкин.

Аммо маҳбуслар билан боғлиқ можаро туфайли гуржи ҳукуматининг обрўсига анча дарз етган.

Гуржи давлат телевидениеси орқали намойиш этилган видеолавҳада маҳбусларнинг қамоқхонада қўриқчилар томонидан дўппосланишаётгани ва жинсий зўрланаётганликлари акс этганди.

Ушбу видеолавҳа Гуржистонда кўча намойишларига сабаб бўлган ва жаноб Иванишвилига ҳукуматни “зўравон” қилиб кўрсатишга имкон берганди.

“Амнести Интернейшнл” халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотининг айтишича эса, сайлов кампанияси чоғида жаноб Иванишвилининг кўплаб тарафдорлари “ўз сиёсий қарашларини изҳор этишгани учун жаримага тортилган, ишдан бўшатилган, қўрқитилган ва ёки ҳибсга олинганлар”.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.