BBC navigation

Қадим Будда ҳайкалларими ёки 1 триллион доллар даромад

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 06:55 GMT

Дунёдаги энг йирик мис конларидан бўлган “Мис Ойнак”ни тезроқ ўзлаштириш иштиёқи сабаб Афғонистондаги қадим ва ўта ноёб археологик сатҳ йўқолиб кетиши мумкин.

Foreign Policy журналида чоп этилган бутунбошли фотоэссе ана шу муаммога бағишланган.

Афғонистоннинг Лўгар вилоятида жойлашган ушбу кон жаҳондаги энг катта мис захираларидан бирига эга, деб кўрилади.

Аммо худди шу вилоятда 5-асрда қурилган Будда эҳромлари ва Бронза давридан ҳам аввал барпо этилган манзилгоҳларни ўз ичига олувчи улкан археологик сатҳ ҳам жойлашган.

Кон чиқиндилари остида қолиб кетмасидан аввал уларни қазиб олиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилаётган қадимшунослар эса, “Мис Ойнак”ни ўзлаштириш ишларини бас қилишга чақиришмоқда.

Бироқ Афғонистон иқтисодини тезроқ оёққа қўйиб олиш тарафдорлари мисни тезроқ қазиб олишга ундашмоқда.

Уларга кўра, тўлиқ ўзлаштирилган тақдирда, “Мис Ойнак” кони Афғонистон иқтисодига 1 триллион доллар даромад келтириши мумкин.

Бу эса, қай бир масала муҳим эканига оид саволларни қизитган...

“Мис Ойнак”

Мис Ойнакда ҳужжатли фильм олаётган профессор Брент. Е. Ҳаффманнинг айтишича, кон тўлиқ ишга тушгунга қадар архелогик сатҳнинг катта қисмини асраб қолиш имконсиз бўлиши мумкин.

Яъни, унинг сўзларига кўра, 2.000 йиллик Будда ҳайкаллари, эҳромлар ва бошқа ноёб обидалар вайрон бўлиши эҳтимоли бор.

Афғонистон ҳукумати 2007 йилда 3 миллиард АҚШ доллари эвазига конни ўзлаштириши учун Хитойнинг China Metallurgical Group (MCC) ширкатига 30 йилга ижарага берганди.

Қадимий сатҳ яқинлигидан ташқари, Кобулнинг уч миллион аҳолисини ичимлик суви билан таъминловчи захираларнинг устида ҳам жойлашган.

Коннинг ўзлаштирилишига қарши кампания олиб бораётган халқаро фаолларга кўра, Хитой ширкати ўз фаолиятининг теварак-атрофга зарари ёки сув захиралари ифлосланишининг олдини олишга оид бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Профессор Ҳаффманнинг айтишича, конни ўзлаштириш “улкан заҳарли ўра”ни вужудга келтириши мумкин.

“Мен табиий захираларни ўзлаштириш келажакда қандайин аянчли оқибатларга олиб келиши борасида “Мис Ойнак” шу пайтгача кузатилмаган бир намунага айланишидан қўрқаман. Чунки осонлик билан қадимий сатҳ ва теварак-муҳитга бир умрлик зиён етказиш мумкин”.

Кўчирилган қишлоқлар

Мис Ойнак аҳолиси бошқа ерга кўчишни истамасалар-да, масъуллар ўзларига бошқа чора қолдирмаганликларини айтишади.

“Бу қишлоқлар бизнинг боримиз. Юз йилларки бу тупроқда аждодларимиз яшаб келишган. Биз эса, бугун кўчаларда хору зор бўлиб юрибмиз”, дейди улардан бири.

Аммо, профессор Ҳаффманга кўра, коннинг ўзлаштирилиши сабаб, иш топганлар, иш ҳақи оз бўлишига қарамай, мамнунлар.

“Улар ўз оилаларини боқишолмайди. Аммо бу ердаги олтита қишлоқни пала-партиш кўчириб юборишгани учун, маҳаллий аҳоли ғазабда. Улар товон пули талаб қилиб, конни ракетадан ҳам ҳужумга тутишади. Пиёдаларга мўлжалланган миналарни ҳам қўллашади”, дейди у.

Қазиш ишлари

Қадимий сатҳдаги қазиш ишлари ҳам силлиқ кечаётгани йўқ. Улкан Будда ҳайкалини қазиб олиш билан шуғулланаётган Абдул Қодир Тимурнинг айтишича, тўрт ойдан бери ҳукумат маош бермаётгани боис, тўрт ёш боласига нима едириб, ичиришини билмай боши қотган.

“Қадимий обидалар худди ўз фарзандларимдек бўлиб қолган. Биз уларни қазиб олиш ва асраш учун озмунча тер тўкмаймиз. Улар синиб кетса, худди ўз жигаримизнинг бир парчасини йўқотгандек бўламиз”, дейди у.

Аммо Тимур дунёнинг ҳеч бир қадимий сатҳларида бўлмагани каби хавфу хатар остида ишлайди.

Толибон уни ўлдириш билан таҳдид қилади. Сатҳ атрофида эса, пиёдаларга мўлжалланган миналар кўмиб ташланган.

Профессор Ҳоффманнинг айтишича, бу каби миналарга дуч келиб, хитойлик кончилар ҳам ҳаётдан кўз юмишган. Сатҳ Толибоннинг ракета ҳужумига ҳам учраб келади. Маҳаллий полиция ходимлари эса, бор-йўғи Шўро давридан қолган қуроллар билан қуролланишган, холос.

“Мис Ойнак” кони бу ерга 2.000 йил бурун келган буддавий руҳонийларни ҳам бефарқ қолдирмаган. Афтидан, улар мисдан турли асбоблар ясашган.

Бронза даврида эса, одамлар миснинг ҳидини фарқлаб, ёзиш-чизишни ихтиро этишган. Қишлоқ хўжалигида инқилоб ясашган.

Яна сатҳдан Искандар Зулқарнайн даврида ишланган тангалар, шиша парчалари ва қадим қўлёзмалар ҳам топилган.

Қадимшуносларга кўра, шунда ҳам, қадим обидаларнинг фақат 10 фоизга етар-етмаси кашф қилинган, холос.

Профессор Ҳаффманнинг айтишича, “ушбу муаммонинг ечими – қадимшуносларга кўпроқ вақт бериш”.

“Қазиш лойиҳаси 3 эмас, 30 йилга мўлжалланган бўлиши лозим”, дейди у.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.