BBC navigation

Гуржистонда демократия ғалаба қилдими?

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 09:25 GMT

Сайловдан кейин Гуржистон қаерга йўл олади?

Гуржистонда парламент сайлови халқаро кузатувчиларга кўра, гарчанд бир неча камчиликлар билан кечган эса ҳам умумиятла " асосий озодлик тамойилларига соғлом муносабат" мавжудлигини намоён этган.

"Сайлов кампанияси қарама-қаршилик ва қутблашган, ўзаро кескин айтишувлар ва камчиликлар билан кечди, аммо Гуржистон халқи ўз танловини эркин фазода кўрсатди", деб айтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари раҳбари Тонино Пикул.

Сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига қараганда, ҳозирга қадар сайлов участкаларидаги 95 фоиз овозлар ҳисоблаб бўлинган.

Бидзина Иванишвилининг "Гуржистон орзуси" аталмиш мухолифат блоки сайловда 55 фоиздан, Миллий Ҳаракат эса 40 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Овропарламент ва НАТОнинг парламентлар ассамблеяси чиқарган баёнотда сайлов жараёнида асосий муаммолар қишлоқ жойларида рўй бергани айтилган.

" Марказий Сайлов комиссияси бир неча сайлов участкаларидаги овоз бериш натижаларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқмоқда", дейилади баёнотда.

Оқ Уй вакили Жей Карни Гуржистондаги сайловни " демократиянинг яна бир одим отиши" деб баҳолаган.

АҚШ Давлат департаментидагилар шунингдек, Президент Саакашвилини " мухолифатга маданий бир шаклда" йўл берганини урғулашган.

Иванишвили Москва "ноғорасига" ўйнайдими?

Иванишвили билан Москва орзуси рўёбга чиқмаслиги мумкин

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев сайлов якунларини " Гуржистондагилар ўзгаришлар исташаётганидан дарак беради", деб изоҳлаган.

Унинг айтишича, агар сайлов натижалари ҳаёт ҳақиқатига айланса, унда Гуржистондаги сиёсий фазо рангбарангроқ бўлади.

Бидзина Иванишвили 2011 йилга қадар Россия фуқароси бўлган ва ўз бойлигини бу мамлакатда тўплаган.

Аммо кузатувчиларга кўра, Иванишвили ғалабаси Тбилиси ва Москва ўртасидаги қарама-қаршиликни бироз юмшатгани билан бу икки мамлакат "апоқ-чапоқ" бўлишига ҳали эрта.

Гуржистон мухолифати гарчанд Россия билан алоқаларни яхшилаш ҳақида гапираётган бўлса ҳам мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиш орзусида собит қолаётир.

Бунинг устига Россия томонидан Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақил деб тан олиниши Тбилисидаги аксарият сиёсатчилар ва ё сиёсат билан шуғулланишга бел боғлаганлар учун барибир оғриқли нуқта бўлиб қолаверади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.